Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги XCM (X Connection Media) номли эҳтимолий молиявий пирамида фаолиятига оид хабарлар бўйича суриштирув ҳаракатларини бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда келтириб ўтилган платформа орқали республикамиз ҳудудида пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият амалга оширилганлиги, шунингдек бу орқали жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказилганлиги ҳолати бўйича ўрнатилган тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг ушбу платформани тарғиб қилишда иштироки бўйича хизмат текшируви тайинланган.

Аввалроқ Kun.uz нашри Австралияда медиа-компания сифатида рўйхатдан ўтгани айтилган молиявий пирамида тарқалаётгани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, иштирокчилардан «ҳамкорлик учун хавфсиз муҳит яратиш» баҳонасида депозит киритиш талаб этилади, шундан сўнг уларга видео кўриш ва янги фойдаланувчиларни таклиф этиш орқали даромад ваъда қилинади.

Нашр маълумотларига кўра, иштирокчилар орасида ички ишлар органлари ходимлари ҳам бор, улар ўз ҳамкасблари ва танишларини тизимга қўшилишга чақирган. Материалда уларнинг суратлари ҳам келтирилган.

Сўнгги йилларда кўплаб ўзбекистонликлар видео кўриш орқали даромад топишни ваъда қилган турли молиявий пирамидаларнинг қурбони бўлган. Кўплаб фуқаролар жамғармаларини кўпайтириш мумкинлигига ишониб, кредит олган ва мол-мулкини сотган.