Сирдарё вилоятида Cobalt машинасини олиб қочиб, Бўка туманида ИИБ ходимини пичоқлаган икки йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Замон» дастурида хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, йигитлардан бири 18 ёш, бири эса вояга етмаган бўлган. Ушбу шахслар 1 августидан 2 августга ўтар кечаси Самарқанд шаҳридан Наманганга йўловчи сифатида йўл олиб, ҳайдовчи Сирдарё вилоятида ёқилғи қуйиш шохобчасига тўхтаганда, ҳайдовчининг Cobalt автоуловини олиб қочишади.

Йигитлар Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганида уларни Бўка тумани ИИБ тезкор вакили майор Нурбек Шодиев тўхтатган. Аммо ИИБга олиб кетиш пайтида улардан бири ходимнинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган. Сўнгра йигитлар Cobalt’ни ўша ерда қолдириб, ходимнинг Matiz машинасини ҳайдаб, қочиб кетган.

«Тез ҳам кетмаяпман, қишлоқнинг йўли. Ўша вақтда мен телефонда гаплашдим. Телефонни ўчириб, уни чўнтагимга солганимда орқамда ўтирган бола бўйнимга бирдан пичоқ санчиб қолди. Ўша ерда тўхтаб турибмиз, мен қонни тўхтатиш учун машинани ўчирдим, каналга тушмоқчи бўлдим. Менга пичоқ урган бола рулга ўтириб олди. Хуллас, у бола машинани ўт олдирди, мен ҳам олдига чиқдим ва машинани олиб қочма, дедим. У барибир машинани олиб қочиб кетди», — деди Бўка тумани ИИБ тезкор вакили Нурбек Шодиев.

Шундан сўнг улар Оҳангарон туманида тўхташ ишорасини берган ЙПХ инспекторини ҳам уриб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди ҳукми билан Ф.Ш. ва Ф.Х. Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «г», «о», «п», «р» бандлари (Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида бир гуруҳ шахслар томонидан такроран ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 267-моддаси 2-қисми «в» бандида (Такроран транспорт воситасини олиб қочиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилди.

Вояга етмаган Ф.Х.га 9 йил 6 ой, Ф.Ш.га эса 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.