Собиқ «Тоштурма» ҳудуди компенсация тариқасида саноат корхонасига доимий фойдаланиш учун берилган, компания у ерда меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги сенатор сўровига жавобан тақдим этган маълумотда айтилади.
Октябрь бошида «Тоштурма» номи билан машҳур 1-сон тергов ҳибсхонаси ўрнида ҳукумат фармойишига асосан замонавий хиёбон барпо этилмаётгани юзасидан ҳокимликка сенатор сўрови юборилган эди. Унда вазифалар ижроси ҳанузгача тўлиқ таъминланмагани, ушбу ер майдонлари қаровсиз ҳолатда бўлиб, айрим қурилиш компаниялари ундан фойдаланишга уринаётгани айтилганди.
Ҳокимлик жавобида қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги 888-сонли қарори асосида Ogneupor МЧЖ шаклидаги савдо-саноат корхонасига Чинобод кўчасидаги унга тегишли объект (3,0 гектар ер майдони ва ундаги 2 571 кв. метр иншоот) бузилиши эвазига компенсация тариқасида Наманган кўчаси 2,9 гектари ер майдони (собиқ ҳибсхона ҳудуди) ажратиб берилган. Кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, ундан маъмурий бино қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи 2021 йил 5 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Юнусобод тумани Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи хулосасига асосан тасдиқланган лойиҳа асосида 76 кв. метрдан иборат маъмурий бино қурилган, у 2024 йил апрелида фойдаланиш учун қабул қилинган, объект нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил декабридаги қарорига [880-сонли] асосан тасдиқланган Бош режага кўра мазкур 2,9 гектар ер майдони консервация (қўшимча турар ва нотурар бино ҳамда иншоотлар қурилиши тақиқланган) зона сифатида қайд этилган.
«Ер майдони ажратиш ҳақидаги шаҳар ҳокими қарорида [2020 йил 7 октябрдаги 888-сонли] жамиятга ер майдонида қандай турдаги қурилиш ишлари амалга оширилиши лозимлиги тўғрисида мажбурият юклатилмаган эди. Шу боис, қурилган маъмурий бинонинг ҳажми ва туридан қатъий назар кадастр ҳужжатлари 2024 йил 9 апрелда … давлат рўйхатидан ўтказилган. Жамиятга „доимий фойдаланиш ҳуқуқи“ асосида тегишли умумий ер майдони 2019 йил 8 май ҳолатига 7,4 гектарни ҳозирги кун ҳолатига эса 4,4 гектарни ташкил этади», — дейилади ҳокимлик жавобида.
Қайд этилишича, корхона аввалига ушбу ажратилган ерда ўз фаолиятини давом эттириш учун ёнғинга бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган саноат корхонасини барпо этмоқчи бўлган. Бироқ лойиҳачи билан маслаҳатлашгач, ер майдони тўлиқ аҳоли пунктида жойлашганлиги, атрофи тўлиқ уй-жойлар билан қамраб олинганлиги сабабли ишлаб чиқариш корхонаси қуриш имкони йўқлиги маълум бўлган.
Шунинг учун бу ерда замонавий меҳмонхона қуришни режалаштирган, аммо лойиҳани амалга ошириш учун ҳозирги кунда етарли маблағлари йўқ.
Бу орада жамият томонидан ер майдонини хусусийлаштириш мақсадида ягона дарча орқали дастлаб 2022 йилда, кейинчалик 2025 йил февраль-август ойларида бир неча маротаба ариза топширилган. Бироқ туман қурилиш бўлими томонидан ер майдони Тошкент Бош режага кўра консервация зонаси сифатида қайд этилганлиги кўрсатилиб, аризалар рад этилган.
Корхона раҳбари маълум қилишича, келгусида ушбу ер майдони консервация зонасидан чиқарилган тақдирда, улар инвестор жалб этган ҳолда замонавий меҳмонхона ёки маиший хизмат кўрсатиш дўконлари бўлган кўп қаватли уй-жой қуришни режалаштирмоқда.
Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган «Тоштурма» 1891 йилда Чор Россияси амалдорлари буйруғига биноан тошдан барпо этилган. Мажмуа ер ости ва ер усти йўлаклар билан бир-бирига боғланган тўртта ертўлали бинони ўз ичига олган. Бинонинг умумий аҳволи бугунги кун талабларига, халқаро стандартларга жавоб бермагани туфайли, 2018 йил бошида у ерда сақланаётган барча маҳкум ва маҳбуслар Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидаги янги муассасага кўчирилган эди. Янги тергов ҳибсхонаси президент қарорига мувофиқ қурилган бўлиб, ИИВ хабар берганидек, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.
Шундан кейин, 2018 йил мартида Ўзбекистон ҳукумати фармойиши эълон қилинди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланди.