Инглиз тили бўйича Британиянинг Collins English Dictionary изоҳли луғатини тузувчилар «vibe coding» (табиий тилни сунъий интеллект ёрдамида компьютер кодига айлантирадиган янги дастурий ишланма)ни 2025 йил сўзи деб топди. Бу ҳақда луғат веб сайтида маълум қилинди.
Вайб кодинг — кодни яратиш учун катта тил моделларидан фойдаланадиган дастурлаш усули. Дастурчи шунчаки вазифани ва илованинг асосий функцияларини тавсифловчи матнли сўровни тузиши керак. Вайб кодинг ёрдамида фойдаланувчилар дастурлаш соҳасида тўлиқ билимга эга бўлмаган ҳолда ўзларининг дастурий таъминотини яратишлари мумкинлиги тахмин қилинади. Бу атамани сунъий интеллект соҳасидаги олим, OpenAI асосчиларидан бири Андрей Карпатий муомалага киритган.
«Моҳиятан, бу машинага ўзингиз батафсил кодлаш ўрнига нимани хоҳлаётганингизни кўрсатишдир. Бу вайблар билан дастурлашдир. Техник мутахассислар бунинг инқилобий нарсами ёки ақлсизлик — муҳокама қилаётган бир пайтда, мазкур атама Силикон водийсидан ташқарида ҳам эътироф этилди. Бу сунъий интеллектдан кундалик ҳаётнинг барча жабҳаларида фойдаланишга қаратилган кенг қамровли маданий ўзгаришни акс эттиради», — дея таъкидлади Collins English Dictionary.
Рўйхатдаги бошқа даъвогар сўзлар қаторига «biohacking» ҳам киритилган бўлиб, у соғлиқни яхшилаш ва умрни узайтириш мақсадида тананинг табиий жараёнларига ўзгартириш киритиш фаолияти сифатида таърифланади.
Кейинги сўз — «aura farming». Бу атама ўзига хос ва жозибадор шахсиятни сунъий равишда шакллантириш, яъни зўриқишсиз кўринса-да, аслида анча меҳнат талаб қиладиган жараённи англатади. «Z авлодига хос бу ҳодиса, индонезиялик йигитчанинг қайиқ пойгаси пайтида хотиржам ва ишонч билан рақсга тушаётган видеоси тарқалганидан сўнг кенг ёйилди. У замонамиз парадоксини акс эттиради: ҳаракат қилмаётгандек кўринишга уриниш», — дейди луғат.
Яна бири сўз — «сlanker», у компьютерлар, роботлар ёки сунъий интеллект манбалари учун камситувчи атама бўлиб, «Юлдузлар жанги: Клонлар жанги» томонидан оммалаштирилган. Бу сўз ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва кўпинча одамларнинг сунъий интеллект чатботлари ва платформаларига нисбатан норозилиги ва ишончсизлигини ифодалаш учун ишлатилади.
Шунингдек, бу йил «glaze» сўзи оммалашди, у норозилик ифодаси бўлиб, кимнидир ортиқча ёки ноўрин мақташ, хушомад қилиш маъносини англатади.
Collins English Dictionary бу — Harper Collins нашриёти томонидан тайёрланадиган инглиз тилининг изоҳли луғати. Таҳририят ҳар йили йил сўзини эълон қилиб боради. 2024 йилда Collins English Dictionary томонидан «brat» — «ўзига ишонган, мустақил ва гедонистик хулқ-атворли» кишини тавсифловчи сифат йил сўзи деб топилганди.
2023 йилда эса луғат тузувчилари йил сўзи сифатида сунъий интеллект (artificial intelligence)нинг қисқартмаси бўлган AI атамасини танлаган. Nepo baby, ultra-processed ва debanking сўзлари ҳам йил сўзи учун даъвогарлар орасида қайд этилганди.
2022 йилда, луғатга кўра, «permacrisis» («пермакризис») атамаси йил сўзи бўлган, бу «узоқ вақт давомидаги беқарорлик ва ишончсизлик даври» деган маънони англатади.