Андижон вилояти Булоқбоши туманида Jo‘ydam Ta’mir Invest Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси 350 миллион долларлик янги саноат ва қурилиш лойиҳасини амалга ошира бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа доирасида полипропилен қоплар, шифер, газоблок, тайёр бетон ҳамда йўлак плиткалари ишлаб чиқариш корхоналари қурилади. Шунингдек, логистика маркази ва Buloqboshi City қурилиш лойиҳалари ташкил этилиши кўзда тутилган.

«Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши туманда янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий иқтисодиёт салоҳиятини ошириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Қурилиш ишларининг бошланиши муносабати билан ўтказилган тадбирда қўшма корхона вакиллари, туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Jo‘ydam Ta’mir Invest ҚК ўзини «бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш» билан шуғулланувчи компания сифатида тақдим этади. У Jo‘ydam Ta’mir Qurilish (85%) ва Inner Mongolia Qin Ge Lia Food Co.Ltd (15%) таъсисчилигида ташкил этилган. Раҳбари — Обиджон Қушматов Олимжонович.