Октябрь ойида оммавий ахборот воситаларида болаларга қарши иккита жинсий жиноят ҳақида маълумот тарқалди. Наманган вилоятида тоғасининг уйига тўйга келган 38 ёшли эркак 7 ёшли қариндошини зўрлади. Тошкент вилоятида эса аввал вояга етмаган шахсни зўрлагани учун 16 йилга қамалган 31 ёшли Миржалол Туронов Оҳангарон туманидаги манзил-колонияда жазо муддатининг бир қисмини ўтаётган вақтида колонияни тарк этиб, 9 ёшли қизни зўрлади. Иккала ҳолатда ҳам эркаклар илгари шу каби жиноятлар учун судланган, аммо жазо енгиллаштирилган.
Жамоатчилик вакиллари вояга етмаган шахсни зўрлаган маҳкумнинг қандай қилиб қўриқчиси бўлмагани ва колония ҳудуди бўйлаб ва ундан ташқарида эркин ҳаракатланиши мумкин бўлган манзил-колонияга ўтказилгани ҳақида савол бермоқда.
Gazeta мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқшунослар Камола Алиева ва Гулжаҳон Аманова билан суҳбатлашди. Мутахассислар, шунингдек, содир бўлган воқеа такрорланмаслиги учун амалга оширилиши керак бўлган бир қатор чора-тадбирларни таклиф қилди.
Камола Алиева: «Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга давлат бевосита масъул»
Ҳуқуқшунос Камола Алиеванинг фикрича, вояга етмаган шахсни зўрлагани учун судланган шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ёки манзил-колонияга ўтказилмаслиги керак.
Ҳатто бундай имкониятнинг расман мавжудлиги ҳам болани ҳимоя қилиш ғоясига зид келади ва суд тизимига бўлган ишончга путур етказади», — дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бундай енгиллик олган шахслар яна болаларга нисбатан зўравонлик содир этаётгани нафақат жазони ижро этиш тизимининг заифлигидан, балки профилактика механизмларининг самарасизлигидан ҳам далолат бериб турибди.
Ўзбекистон Конституцияси ва амалдаги қонунларга кўра, давлат боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун бевосита жавобгардир.
«Ушбу ҳимояни заифлаштирадиган ҳар қандай қарор — зўравонлик содир этганлар учун жазони юмшатиш, шартли озод қилиш ёки енгилроқ режимга ўтказиш нафақат ахлоқий тамойилларга зид, балки давлатнинг қонун устуворлиги ва бола хавфсизлигини таъминлаш бўйича конституциявий мажбуриятига ҳам зиддир. Давлат сўзда эмас, амалда болаларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратишга мажбур ва бу содир бўлмас экан, бундай фожиалар такрорланаверади», — деди Алиева.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатларида судлар расмий юмшатувчи ҳолатларга эмас, балки болани олий ижтимоий қадрият сифатида ҳимоя қилишнинг конституциявий тамойилига амал қилишлари керак. У буни болага нисбатан жинсий зўравонлик инсон қадр-қимматига путур етказувчи энг оғир жиноятлардан бири экани билан изоҳламоқда.
Унинг оқибатлари одатий маънода ҳаётни йўқотиш билан таққосланади, чунки бола асосий ҳимоя ва хавфсизлик ҳуқуқини йўқотади. Шу сабабли бундай жиноятларни содир этган шахслар енгиллаштирилмайдиган энг оғир жазога тортилиши керак. Ўзбекистонда, ҳуқуқшуноснинг фикрича, бу — умрбод қамоқ жазоси. Бу қадамни ташлаш учун кучли сиёсий ирода керак, деб ҳисоблайди Алиева.
Ҳуқуқшуноснинг фикрига кўра, умрбод қамоқ жазоси етарли чора саналади, чунки у жиноятчиларнинг тўлиқ изоляциясини таъминлайди, ўлим жазоси ҳам, кимёвий кастрация ҳам муаммони тизимли равишда ҳал қилмайди — ҳеч бир халқаро тадқиқот бундай чоралар болаларга нисбатан жинсий зўравонлик даражасини пасайтиришини тасдиқламайди.
«Бундай жиноятларга қарши курашиш нафақат жазони кучайтиришни, балки самарали комплекс чора-тадбирларни жорий этишни ҳам тақозо этади. Жиноий жавобгарлик билан бир қаторда, педофилия учун судланганларнинг мажбурий психиатрик даволанишини таъминлаш ва улар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ижтимоий хизматлар томонидан доимий назорат ўрнатиш жуда муҳимдир», — деди Камола Алиева.
Унинг қўшимча қилишича, педофилларнинг очиқ реестрини юритиш, назорат қилиш учун электрон билагузуклардан фойдаланиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш талаб этилади.
«Болаларнинг амалда хавфсизлигини таъминлаш учун барча давлат институтлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва, умуман, жамиятнинг чуқур илмий асосланган ва тизимли ишлаши талаб этилади. Фақат шундай ёндашув билан бундай жиноятларнинг олдини олиш ва ҳар бир бола учун хавфсиз муҳитни яратиб бериш мумкин», — дея хулоса қилди ҳуқуқшунос.
Гулжаҳон Аманова: «Судьялар нафақат қонуннинг ҳарфига, балки унинг маъно-мазмунига ҳам таянишлари муҳим»
Ҳуқуқшунос Гулжаҳон Аманова ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилади. Унинг сўзларига кўра, Миржалол Туронов ўта оғир жиноят содир этган. Бундай шахслар жазони манзил-колонияда эмас, балки оддий колонияда ўташлари керак.
«2023 йилда қабул қилинган қонунга кўра, болаларга нисбатан оғир жиноят содир этганларни манзил-колонияга ўтказиш тақиқланади. Суд Туроновни 2024 йилда — қонун кучга киргандан сўнг ўтказган. Демак, янги, қатъийроқ қоидаларни қўллаш керак бўлган эди», — дейди Аманова.
Аввалроқ Олий суд матбуот хизмати Gazeta`га Жиноят-ижроия кодексининг 2023 йил март ойидан бери амалда бўлган 113-моддаси таҳририда манзил-колонияга ўтказиш учун муддатнинг камида ярмини ўташ талаб этилса-да, қонуннинг ўтиш даври қоидалари ҳукмлари қонун расман эълон қилинишидан олдин кучга кирган шахсларга нисбатан аввалги нормани қўллаш имконини беришини тушунтирганди.
Ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, 2023 йилгача маҳкумларни умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказиш тўғрисидаги қарорлар жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти томонидан қабул қилинган. Шундан сўнг бу вазифани тергов судьялари ўз зиммаларига олган.
«Ўзгаришларга қарамай, ёндашув ўзгаришсиз қолмоқда, қонун кўпинча жуда тор талқин қилинади ва механик равишда қўлланади. Қарор қабул қилувчилар жиноятнинг асл моҳиятини ва барча маҳкумларнинг, ҳатто жуда хоҳлаган тақдирда ҳам, ҳақиқатан ўзгаришга қодир эмаслигини унутиб қўяди», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Гулжаҳон Аманованинг фикрича, кўплаб интернет фойдаланувчилари жазони енгиллаштириш сифатида кўраётган Миржалол Туроновнинг илтимосномасининг суд томонидан қаноатлантирилиши нафақат мамлакат қонунларига, балки Ўзбекистон ратификация қилган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция юклаган мажбуриятларга ҳам зиддир.
«Вояга етмаганларга қарши жинсий характердаги жиноятлар ҳақида сўз борганда, маҳкумнинг руҳий хусусиятларини инобатга олмасдан қонунни механик тарзда қўллаш жамият, айниқса, болалар учун хавф туғдириши мумкин (ва аллақачон хавф туғдирган ҳам). Шунинг учун судья ва жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти қарор қабул қилишда нафақат қонунлардаги ҳарфларга, балки уларнинг руҳиятига асосланиши муҳим: нафақат жазо орқали тузатиш, балки жамиятни, айниқса, болаларни уларга нисбатан такроран жиноят содир этилишидан ҳимоя қилиш лозим», — деб ҳисоблайди Гулжаҳон Аманова.
Ҳуқуқшуноснинг фикрича, прокуратура органлари Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг Миржалол Туроновнинг жазо режимини ўзгартириш тўғрисидаги суд қарорининг қонунийлигини текшириши, маҳкумни манзил-колонияга ўтказиш тўғрисидаги қарорни чиқариш ва тасдиқлашда иштирок этган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий иш қўзғатиши керак.
Гулжаҳон Аманова болаларга қарши жинсий жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларни манзил-колонияларга ўтказиш имкониятини бутунлай истисно қиладиган суд тушунтиришини — Олий суд ялпи мажлисининг қарорини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кераклигини таъкидлади.
