Ўзбекистон ҳудудларида ўтган октябрь ойи давомида истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида тизимга қарийб 100 миллиард сўмлик зарар етказилди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати хабар берди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари иштирокида ўтказилган назорат тадбирларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 192 та ҳолат аниқланган.
Унга кўра, 22,3 млн кВт⋅соат электр энергияси (63,9 млрд сўм) ва 11,4 млн метр куб табиий газ (35 млрд сўм) талон-торож қилиниши оқибатида дастлабги ҳисоб-китобларга кўра жами 99 миллиард 15 миллион сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 479 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
