• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Кибержиноятларнинг 40 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳрига тўғри келяпти» — пойтахт ИИББ


Тошкентда содир этилаётган киберфирибгарликдан жабрланганларнинг салкам 90 фоизини 40 ёшдан 80 ёшгача бўлган аҳоли қатлами ташкил қилмоқда. Бу ҳақда 3 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ИИББ Киберхавфсизлик маркази бошлиғи, подполковник Беҳзод Тиллаходжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Фото: ИИВ

«Бугунги кунда кибержиноятлар сони нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки жаҳонда ҳам кескин ошиб бормоқда. Фуқаролар томонидан тушаётган мурожаатларга кўра, ушбу турдаги жиноятларнинг 40 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳрига тўғри келяпти. Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд. Биринчиси, пойтахтда аҳоли сони кўплиги бўлса, иккинчиси, асосий тўлов ташкилотларининг марказий офислари Тошкентда жойлашган. Учинчи сабаб эса республикада эмиссия қилинган банк пластик карталарининг 45 фоизи ҳамда банкоматлар, онлайн хизмат кўрсатувчиларнинг 60−70 фоизи пойтахт ҳудудига тўғри келади», — дейди Беҳзод Тиллаходжаев.

Унинг таъкидлашича, Тошкентда содир этилаётган кибержиноятларнинг 60 фоизи фирибгарлик, 35 фоизи ўғрилик, қолган 5 фоизи кибербуллинг (ҳақорат ва туҳмат қилиш)ни ташкил этмоқда.

«Ҳозирги кунда пойтахтимизда киберфирибгарликдан жабр кўрганларнинг салкам 90 фоизи 40 ёшдан 80 ёшгача бўлган аҳоли қатламига тўғри келяпти. Ёши катта фуқароларнинг аксарияти шахсга доир маълумотларини ўзгаларга очиқлагани, банк пластик картасидаги маблағларни бериб юборгани ва бошқа ҳолатларга йўл қўйиб бергани сабабли фирибгарлик қурбони бўлиб қоляпти. Юқорида айтганимдек, тармоқларда шахсларнинг бир-бирини ҳақорат ва туҳмат қилиш, обрўсизлантириш жиноятлари ҳам кескин кўпаймоқда. Бундай жиноятни содир қилганларга маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилиб, чоралар кўриляпти», — дейди у.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази бошлиғи ўринбосари, майор Жаҳонгир Сагдуллаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон кибержиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда халқаро тажрибаларни ҳам ўрганмоқда.

«Хурсанд қиладиган томони шуки, мамлакатимиз МДҲ давлатлари орасида киберхавфсизлик ҳамда ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши кураш бўйича етакчи ўринга чиқиб олди. Киберхавфсизлик маркази ходимлари ҳар ойда ушбу йўналишдаги илғор мамлакатлар: Хитой, Сингапур, Россия, Қозоғистон ва Европага бориб, малака ошириб қайтяпти. Ҳатто хориждан бизга ҳам келиб, тажриба алмашиб кетишмоқда. Мисол учун, яқинда Хитойдан 40 нафар курсантлар киберхавфсизлик йўналишида таълим олишди», — дейди Сагдуллаев.

Унинг айтишича, бу борада олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил қилиняпти.

«Кибержиноятларнинг 70 фоизи ёшлар томонидан содир этилмоқда. Шу сабабли олий ўқув юртлари билан бирга кенг қамровли тадбирлар амалга ошириляпти. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан пойтахт ИИББ Киберхавфсизлик маркази ўртасида меморандум имзоланган. Шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олиш бўлинмалари ходимлари университет ва институтларда ҳам тарғибот ишларини олиб бормоқда. Биз мактаб ўқувчилари, боғча ёшидаги болалар учун мос бўлган контентларни кўпайтиришимиз керак. Бу олдимизга қўйган муҳим режалардан бири ҳисобланади», — дейди Жаҳонгир Сагдуллаев.

Аввалроқ, ИИВ таҳлили ҳақида хабар бергандик. Унга кўра, Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ бўлиб, фуқаролар 4 йилда 1,9 трлн сўм зарар кўрган. 2024 йилда умумий жиноятларнинг 44,4 фоизи кибержиноятлар ҳиссасига тўғри келган. Машҳурлар қиёфасидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш (дипфейк) ҳам оммалашмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *