Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Ховард Латник билан музокара ўтказди, деб ёзмоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда. АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилгани кўрсатиб ўтилди.

Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция платформасини яратиш орқали амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, ҳозирда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етган. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инновация соҳаларида қатор йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
