Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг расмий қароргоҳи — Вашингтон шаҳридаги Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг «С5+1» форматидаги саммитида иштирок этди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари навбатдаги шундай саммитни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи билан чиқди.
Дональд Трампнинг раислигида ўтган тадбирда минтақа давлатларининг барча 5 президенти иштирок этди.
Ўзбекистон етакчиси Трампга асос солинганидан буён ўтган 10 йилда минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланган «С5+1» форматидаги саммит ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу саммит Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
Бошқа ташаббуслар
Ўзбекистон президенти ўз нутқи давомида қуйидагиларни таклиф қилди:
- иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган ва доимий фаолият юритадиган котибиятни таъсис этиш;
- давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш;
- «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» жамғармасини ишга тушириш;
- Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда АҚШ билан фаол ишлаш;
- муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун махсус қўмитани тузиш;
- минтақа қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш;
- гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмаларни ташкил этиш.
