• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухорода экология ходимига зўравонлик қилган фуқаролар жавобгарликка тортилди


Бухорода экология бўлими ходимига куч ишлатиб, унга нисбатан зўравонлик кўрсатган фуқаролар жавобгарликка тортилди, деб хабар бермоқда Бухоро вилоят суди матбуот хизмати.

Воқеа Бухоро вилояти Шофиркон тумани Чандир маҳалласидаги устахоналардан бирида содир бўлган. 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда саксовул кесиб, табиатга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳаракатини содир қилган. Ҳолатдан хабар топган Экология бўлими ходими ҳамда ИИБ инспектори тегишли баённомаларни расмийлаштираётганида мазкур шахслар уларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, бақир-чақир қилган ва жамоат тартибини бузган.

Улардан бири, фуқаро А.С. ўзига тегишли машинани ҳайдаб қочиб, экология бўлими ходимини машинасига мажбуран олиб кирган. Автомобиль эшикларини қулфлаб, уни Читгарон қишлоғигача куч ишлатиб олиб келган. Манзилга етгач, экология бўлими ходимининг оёғидан тортиб, судраб туширган. Таъкидланишича, А.С.нинг чўнтагида ошхона пичоғи ҳам бўлган. У экология бўлими ходимини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, куч ишлатиб, унга нисбатан зўравонлик кўрсатган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида А.С.нинг илгари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани аниқланган. Қоидабузар фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди томонидан кўриб чиқилган.

«Қонун талабларига бўйсунмаган, давлат органи ходимларига нисбатан куч ишлатиб, ҳуқуқбузарликлар содир этган тўртала шахс ҳам жавобгарликка тортилди. Ҳар бир айбдор ўз қилмишига кўра, суд олдида жавоб берди», — дейилади хабарда.

Экология ходимларига нисбатан ҳужумлар аввал ҳам содир бўлган. Хусусан, йил бошида Олот туманида ҳам ноқонуний саксовул кесиб, олиб қочмоқчи бўлганлар уларни таъқиб қилган инспекторларнинг машинасига қасддан шикаст етказган эди. Суд ўшанда уларга 41,6 млн сўм жарима жазоси тайинлаган.

Июлда эса Хоразмда саксовул кесаётган шахсларни таъқиб қилган экология инспекторларига бита ва арматура билан ҳужум қилинди. Икки ходим кўплаб жароҳатлар олди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *