Ўзбекистонлик 20 ёшли фуқаро Умид Зоҳиржонов Туркиядан депортация қилинди, деб хабар бермоқда Истанбулдаги Бош консулхона.

Таъкидланишича, у илгари бир қатор киберфирибгарлик жиноятларини содир этиб, 10 дан ортиқ ўзбекистонликнинг маблағларини ўзлаштириб кетганликда айбланиб, қидирувда бўлган.

Ушбу шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари сўралади, дейилади хабарда.

Идора, ўз навбатида, жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, жумладан, Туркияда яширинган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил давом эттирилиши ва «жиноят учун жавобгарлик» тамойили қатъий таъминланишини билдирди.

Шунингдек, сўнгги вақтларда турли фирибгарлик ҳолатлари юзасидан Бош консулхонага келиб тушаётган мурожаатлар сони ортаётгани маълум қилинди ва бу ҳақда фуқаролардан огоҳ бўлиш сўралмоқда.