Ўзбекистонда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларда хусусий секторнинг улуши 30 фоизга етди, дея хабар қилди ССВ.

Вазирлик маълум қилишича, 2017 йилда хусусий шифохоналар сони қарийб 3,5 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 9 мингдан ортган.

Бунинг натижасида, вазирлик таъкидлашича, кўрсатилаётган барча турдаги тиббий хизматларда хусусий секторнинг улуши саккиз йил ичида 10 фоиздан 30 фоизга етган.

Жумладан, айни пайтда:

  • лаборатория хизматларининг 40 фоизи;
  • офтальмология ва оператив офтальмологиянинг 60 фоизи;
  • ЛОР ва эндоскопик ЛОР хизматларининг 70 фоизи;
  • стоматологик ташхис ва муолажаларнинг 91 фоизи айнан хусусий клиникалар томонидан кўрсатиляпти.

Вазирлик соҳада лицензиялаш ва аккредитациялаш йўналишлари бўйича консалтинг хизматлари йўлга қўйилгани, тиббиёт ташкилотларини аккредитацилашнинг Миллий стандартлари тасдиқланганини маълум қилди.

Бундан ташқари, хусусий секторда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириб бориш тизими жорий этилган.

Чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерларини ташкил қилиш режалаштирилган.