Октябрь ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга пасайиб, 11,7 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон Марказий банки октябрь ойи учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари шарҳини эълон қилди.
Коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия нархларининг ошиши аҳолининг инфляцион кутилмаларида асосий хавотирлигича қолмоқда. Апрель-май ойидан бери барқарор бўлиб келаётган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши бўйича кутилмалар даражаси бироз ошган. Иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши ҳамда транспорт хизматлари қимматлашишининг инфляцияга таъсири аҳолини камроқ ташвишга сола бошлаган. Қайд этиш жоизки, валюта курсининг ўзгариши бўйича хавотирлар сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши фонида ўзининг тарихий минимумларигача пасайган.
Аҳоли инфляцион кутилмаларининг омиллари. МБ инфографикаси.
Регулятор шарҳига кўра, респондентларнинг асосий қисми келгусида нархлар кескин ўзгармаслигини ва босқичма-босқич пасайиб боришини кутмоқда.
Октябрда тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам ўтган ойга нисбатан 0,6 фоиз бандга секинлашиб, 11,1 фоизни ташкил этди.
Бизнес вакиллари нуқтаи назаридан нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сезилари ўзгаришларсиз сақланиб қолмоқда: коммунал хизматлар, ёқилғи-энергетика ва транспорт харажатларининг ўсиши. Сентябрь ойидан бошлаб тадбиркорларнинг хомашё нархлари ошиши бўйича хавотирлари кучаймоқда. Айни пайтда, иш ҳақи ва нафақалар, шунингдек, доллар курсининг ошиши, солиқ юкининг юқорилигини таъкидлаганлар улуши камайган.

Тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларининг омиллари.
Аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилмалар маиший хизматлар соҳаси вакиллари томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар пенсионерлар томонидан қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, сентябрь ойида энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган.

Инфляцион кутилмалар соҳалар кесимида.
Тадбиркорлар орасида юқори инфляцион кутилмалар маданият ва санъат соҳасида фаолият олиб борувчи ташкилотлар томонидан қайд этилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар қишлоқ хўжалиги соҳасида кузатилди.
«Хизмат кўрсатиш соҳалари вакилларининг нарх ўзгаришларига тезроқ жавоб бериши табиий — уларнинг кутилмалари юқорироқ. Таълим ва илмий фаолият билан шуғулланаётганлар орасида эса нархлар бўйича ёндашув янада сокинроқ», — дея изоҳлайди регулятор.
Даромадлари 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, инфляцион кутилмаларнинг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кузатилган. Нисбатан паст кутилмалар даражаси Фарғона водийси вилоятларига тўғри келади. Марказий банкнинг қайд этишича, бу ҳудуддаги бозор шароитлари ва харажатлар таркибидаги ўзгаришлар билан изоҳланади. Бунга, шунингдек, аҳолининг даромадлар даражасини қўшимча қилиш мумкин.

Инфляцион кутилмалар ҳудудлар кесимида.
Марказий банкнинг хулоса қилишича, сўров натижалари нархлар бўйича кутилмалар босқичма-босқич пасаяётганини кўрсатмоқда. Бу, бир томондан, иқтисодий ишончнинг шаклланаётганидан, иккинчи томондан эса қарорлар ва сигналларнинг эҳтиёткорлик билан баҳоланаётганидан далолат беради.
