Диний блогер Аброр Мухтор Алий томонидан сиёсатшунос Ҳамид Содиқнинг фаолияти ва қарашлари юзасидан билдирилган фикрлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, бир гуруҳ жамоат фаоллари Аброр Мухтор Алийнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилиб, петиция имзоламоқда. Gazeta блогер айтган фикрлар ва унга қарши билдирилаётган муносабатларни жамлади.
«Ҳамид Содиқ ташқи разведка учун майдон тайёрлаётган фикр одами»
26 октябрь куни Telegram’даги гуруҳлардан бирида Аброр Мухтор Алий билан унинг Ҳамид Содиқнинг чиқишларига муносабати ҳақида баҳс бўлган. Бир кун ўтиб, мазкур баҳс аудиоси YouTube’га жойлаштирилган.
«Ҳамид Содиқ сиёсатни билмайди, — дейди баҳс давомида Аброр Мухтор Алий. — Билади, [у] Ғарб сиёсатини Ўзбекистондаги мусулмонларнинг ичига тиқиштириш учун қўштирноқ ичида «заказ»га ишлаётган одам. Мен буларни хоин дейман. Яъни, билиб қилаётган бўлса — хоин, билмай туриб қилаётган бўлса — аҳмоқ. Аҳмоқнинг ҳам хоиндан фарқи йўқ: аҳмоқ хоиннинг вазифасини ўз ташаббуси билан қилади. Нимага деса, буларнинг тутқичи йўқ — Ҳамид Содиқларнинг тутқичи йўқ, суянган ақидаси йўқ».
«Улар Ғарб фалсафасидаги католик черковига қарши пропагандани секин олиб келиб, миллийлаштириб, ўзбек мусулмонлари орасида имомларга қарши қўллаяпти. Буни кўпчилик сезмайди. Кўр-кўрона сиёсий гапларни гапираётганига, танқидни гапираётганига, „О, зўр бу, сиёсат борасида бизнинг онгимизни оширяпти“, дейди. Кеча ҳам биттаси айтяпти, „у киши Ўзбекистон халқини сиёсий онгини оширди“, дейди. Битта мисол келтиринг-чи десам, „Сайлов нималигини тушунтирди бизга“, дейди. Қўпол қилиб айтганда, сен тупой бўлсанг, сайлов нималигини тушунмаган бўлсанг, Ҳамид Содиқ сенга шуни тушунтирган бўлса, унда сен қўйсан. Чув деса, кетаверасан. Сайловни тушунтирсагина сиёсий онг ошган бўладими?», — дея қўшимча қилади у.
Аброр Мухтор Алийнинг сўзларига кўра, Ҳамид Содиқ ташқи разведка учун майдон тайёрлаётган фикр одами.
«Ақли расо одам, зиёли одам кўриб билиб турибдики, Ҳамид Содиқ ташқи разведка учун майдон тайёрлаётган фикр одами. Фикри ҳам жуда чуқур эмас. Ҳеч ким тушунмайдиган гапларни гапирса, Ҳамид Содиқ зўр гапирди, дейишади. Нима гапирди, шу гапирган гапининг маъноси нима десангиз, мен энди унча кўп ўқимаганман-да, дейди», — дея таъкидлайди диний фаол.
Аброр Мухтор Алий билан баҳслашаётган йигит унинг бу қарашларини шахсий фикри сифатида қабул қилишини айтаркан, «чунки бу ҳақиқатан ҳам шахсий фикрингиз-да, тўғрими, устоз?», дея савол беради.
«Йўқ, шахсий фикрим эмас. Бу менинг ақидага суянган фикрим бу. Бизнинг ақидада мусулмонлар ислом рукнларига амал қилаётган жамиятда бу гапларни гапиришлик, аҳли шарифларда келишича, қатлга маҳкум қилинади. „Uqtuluhu kaina man kana“, деган матн келган. Худди шунақа одамларни ўлдиринглар, дейилган. Пайғамбар алайҳиссаломдан шунақа ривоятлар келган. Нимага? Чунки булар жамиятни бузади, иттифоққа таъсир қилади. Жамият бир томонга, ривожланишга қараб кетяпти, орамизда ихтилоф йўқ, ҳамма имомларга қулоқ соляпти, динида яшаяпти, тижоратини ривожлантиряпти. Бирдан биттаси чиқяпти-да, „имомлар ундоқ, фалончилар бундоқ, сиёсат бундоқ“, деяпти. [Шунақа вақт] нима қилиш керак деса, „Uqtuluhu kaina man kana“, деганлар, йўқотинглар буни, деганлар», — дея жавоб қайтарган Аброр Мухтор Алий.
«Ҳамид Содиқ нима қиляпти жамиятда? Менга айтинг-чи, ўзингиздан бир сўраб кўринг-чи — нима қиляпти? Қандай иқтисодий ёрдам беряпти? Таълимда нима ёрдам беряпти? Фақат мияни бузяпти. Мана биттаси — сиз, миянгизни бузган. Ҳозир зўр устозим, кучли устозим, деб юраверинг бемалол. Лекин сизга берган зарарини бошингиз бир жойга бориб тақ этиб урилганда кўрасиз. Меники шахсий фикр эмас, такрор айтаман — меники ақидага суянган фикр. Матн ёдлаганмиз, шарҳини ўқиганмиз», — дея қўшимча қилади у.
Аброр Мухтор Алийнинг таъкидлашича, имомлар конституцияни ҳам, демократик тузумни ҳам Қуръон ва суннатга мувофиқ келганига амал қилади.
«Ҳамид Содиқ ўзининг политологлик фикрини гапираверсин. [Лекин] имомларга ақл ўргатиш унинг иши эмас. Имомларнинг ақидаси бор. Имомлар конституцияни ҳам, демократик тузумнинг ҳам Қуръон ва суннатга мувофиқ келганига амал қилади. Қуръон ва суннатга мувофиқ келмаса, амал қилмайди бизнинг мусулмонлар. Банкда рибога пул беряпти, мусулмон одам бориб олмайди уни. Биз Ҳамид Содиқни нега танқид қиляпмиз? У мусулмон жамиятига ақл ўргатяпти: бундоқ қилиш керак, ўнгга юриш керак, чапга юриш керак, деб. Ўзининг политологияси бўйича гапираверсин. Лекин у майдалашяпти-да, имомлар ҳақида гапиряпти. Энди мен ҳақимда гапиряпти, номимни айтмаяпти-ю, ҳаракат қиляпти шунақа дейишга. Шахсим ҳақида гапираверсин, муаммо йўқ. Лекин мусулмон ёшларимга, мусулмон халқимга Европанинг қандайдир бир бетаҳорат фалсафасини сингдирмасин, фалсафасини тиқиштирмасин. Бизнинг эътирозимиз фақат шу», — дея қўшимча қилган Аброр Мухтор Алий.
«Бу ҳолат давлатни ҳам, жамиятни ҳам хавотирга солиши керак»
Аброр Мухтор Алийнинг Ҳамид Содиқ ҳақида айтган фикрлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Фаоллар диний блогернинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини талаб қилиб, имзо тўплай бошлади.
«Биз Аброр Мухтор Алийнинг чиқишларида Ҳамид Содиқ шахсиятига нисбатан чуқур адоват, душманчилик кайфиятини кўрмоқдамиз. Сиёсатшуносга нисбатан дин номи билан обрўйсизлантириш, таҳқирлаш, диний қатлам кўз ўнгида ёмонотлиқ қилишга қаратилган ҳаракатлар кетма-кетлигини, ахборот кампаниясини кузатмоқдамиз. Тарқалган аудиоматериалларда Аброр Мухтор Алий сиёсатшунос Ҳамид Содиқ каби фикрлайдиган ва фаолият юритадиган инсонлар диний ҳукмларга кўра „қатл қилиниши керак“ деган қарашни асослайди ва кенг жамоатчиликка, энг аввало, диний қатламга таклиф қилади. Бу — ҳақиқатда даҳшатли қараш, ҳақиқатда қўрқинчли даъват, чақириқ, мафкура. Бу — давлатни ҳам, жамиятни ҳам хавотирга солиши керак бўлган диний экстремизм ифодаси ҳисобланади», — дейилади фаолларнинг мурожаатида.
Жамоавий аризада ёзилишича, Аброр Мухтор Алийнинг бундан аввал айтган «аёлларни уриш керак», «дарсликларда Ренессанс даври расмлари бўлмаслиги керак» ва бошқа қарашлари ҳуқуқ-тартибот органларини хавотирга солиши керак эди.
«Конституцияга кўра, Ўзбекистон — ҳуқуқий, демократик, дунёвий давлат. Инсонларнинг эрки, шаъни ва қадр-қиммати, эркин фикри, диний эркинлиги, фикрлаш эркинлиги давлат томонидан қатьий ҳимоя қилиниши керак. Жумладан, сўз ва фикр эркинлиги учун дин номи билан оммавий сазойи қилишга Ўзбекистон конституциявий тизимида йўл қўйилмайди. Аброр Мухтор Алийнинг ушбу ва бошқа чиқишларида Ўзбекистон конституцион тизимига, унинг қадриятларига тўғридан-тўғри тажовуз кўриниб туради, инсонларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширганлик учун сазойи қилиш ҳолатлари жуда кўп учрайди», — дейилади петицияда.
Жамоавий мурожаат муаллифлари сиёсатшунос Ҳамид Содиққа нисбатан «ўлим ҳукми»ни дин номи билан асослашга уриниш ҳолатини Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқий экспертиза қилиши, Аброр Мухтор Алийнинг фикрлари ва фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериши кераклигини таъкидлаган.
«Ҳуқуқий чора кўрилиши керак»
Швециядаги инсон ҳуқуқлари бўйича «Марказий Осиё уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулованинг таъкидлашича, Ҳамид Содиқ каби таҳлилчи ва сиёсатшунослар мамлакатда фаол сиёсий-ҳуқуқий онг муҳитини шакллантиришга хизмат қиляпти.
«Дин номи билан фикр эркинлигига қарши чиқиш — жамиятни илму маърифатдан узоқлаштириш, зўравонликни тарғиб қилиш ва диний илмни сиёсий қуролга айлантириш демакдир. Ҳамид Содиқ каби таҳлилчи ва сиёсатшунослар мамлакатда фаол сиёсий-ҳуқуқий онг муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Улар танқид ва таҳлил орқали жамиятни ўйлашга, ўрганишга ва ечим топишга чорлайди. Уларга қарши нафрат уйғотиш, уларни „душман“ сифатида кўрсатиш — бу сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти асосларига зарба беришдир», — дейди у.
«Аслида, динни билган, унинг моҳиятини англаган одам ҳеч қачон зўравонликка чақирмайди. Бундай радикал чиқишлар на исломни, на миллатни ҳимоя қилади, аксинча, улар жамиятни иккига бўлиб, нафрат уруғини сочади. Шу сабабли Аброр Мухтор Алий кабиларга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилиши лозим», — дейди Гулноз Мамарасулова.
Журналист Илёс Сафаровнинг ёзишича, бундай ҳолатларда аввало жамият жим қолмаслиги, зиёлиларни, сўз эркинлиги ва инсон ҳаёти муқаддаслигини қатъий ҳимоя қилиши зарур.
«Аудиони эшитарканман, даҳшатга тушдим. Дўстлар, ахир бу — нафақат ҳуқуқ жиҳатидан ўта оғир жиноят, балки, инсонийлик, дин ва виждон олдидаги оғир хиёнат ҳам-ку. Ҳар қандай ғоя, ҳатто энг муқаддас эътиқод ҳам, зўравонлик ва нафрат билан ифодаланаётган заҳотиёқ ўз маъносини йўқотади. Бу каби таҳдидлар — жамиятни қоронғулик, қўрқув ва жаҳолат домига тортишга уринишдир. Ҳамид Содиқ каби зиёлилар — бу халқнинг фикр, тафаккур ва виждон овози. У кабиларни ўлдиришга даъват эса аслида Ўзбекистоннинг келажагини, амалдаги конституцион тузум ва тартибларни ўлдиришга уринишдир», — дейди журналист.
Навоийшунос олим Акром Маликнинг фикрича, Аброр Мухтор Алий ва Ҳамид Содиқ бир стол атрофида маданий баҳс форматида масалани ҳал қилиб олиши лозим.
«Аброр домла илмли ҳамда халқпарвар одам. Ҳамид Содиқ акамиз ватансевар ҳамда фидойи инсон. Аброр аканинг Ҳамид Содиқ ака ҳақидаги хоинлик айблови асоссиз, мутлақо асоссиз. Мен ҳам Ҳамид Содиқ аканинг сиёсат ва жамият бобидаги қарашлари миллий ўзакка зид, деб биламан. Лекин, шунга қарамай, ўртада очиқ суҳбат бўлиши керак. Икки томон бир-бирини тушуниши лозим», — деб ёзади у.
«Бу гап Ҳамид Содиқни ўлдириш керак деган жумла эмас»
Жамоатчилик муҳокамаси фонида Аброр Мухтор Алий ўз фикрларини изоҳлаб, Ҳамид Содиқни ўлдиришга даъват қилмаганини таъкидлади.
«Ҳамид Содиқнинг бир мухлиси, ўзига устоз деб биладиган бола [Telegram’даги гуруҳга] кирди, суҳбатлашдик. Мен унга фикрларимни айтдим, мана бу, мана шу фикрлар бизнинг қадриятимизга тўғри келмайди, ақидамизга мувофиқ эмас десам, бу сизнинг шахсий фикрингиз, деб кетди. Йўқ, бу шахсий фикрим эмас. Менинг ақидага боғлиқ жойим бор.
Пайғамбар алайҳиссалоту вассаллам бир мусулмонлар жамоаси бир қадриятга асосланиб, бир бўлиб турган бўлса, мисол учун, бизнинг ҳозирги ҳолатимиз бўйича — Ўзбекистоннинг ривожи учун, Ўзбекистондаги миллий қадриятларнинг ҳимояси учун ҳаракат қилиб турган бўлса, битта одам чиқиб, ўша жамоага қарши фитна назарияларини, ихтилоф масалаларни кўтарса, уни ким бўлса ҳам ўлдиринглар, деган ҳадислари бор деяпман», — дея тушунтирди у.
«Бу гап Ҳамид Содиқни ўлдириш керак деган жумла эмас. Бу ҳадисдан қонунан унга жазо қўлланилиши керак, деган маъно тушунилади. Бугун бизда ўлим ҳукми йўқ-ку. У ҳадисни ишлайдиган жойи бор. Менинг гапим „ўлдиринглар“ деган маънода эмас. Мен ўлдиринг деяётганим йўқ, ҳадислар бор шунақа. Ўша ҳадислардан келиб чиқиб, қонун ҳимоя қилинади, деган хулосага келинади», — дея қўшимча қилди Аброр Мухтор Алий.
Диний фаол Аброр Мухтор Алийнинг сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳақидаги фикрлари юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда диний идоралар муносабат билдирганича йўқ. Gazeta ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлигига сўров билан мурожаат қилди.
Ҳамид Содиқ Gazeta мухбири билан қисқа суҳбатда «бу ишни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўриб чиқиши лозим»лигини билдирди.