Европа Иттифоқи Россия Украинада олиб бораётган уруш билан боғлиқ «хавфсизликка таҳдидлар кучайганини ҳисобга олган ҳолда» Россия фуқароларига виза бериш қоидаларини кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда 7 ноябрь куни Еврокомиссия томонидан эълон қилинган баёнотда сўз боради.
Россия фуқаролари энди кўп марталик Шенген визаларини ололмайди. Улар Европа Иттифоқига режалаштирилган ҳар бир сафар учун янги виза олиш учун ариза топширишлари керак бўлади, дейилади ЕК пресс-релизида. Қарор Виза қўмитасида барча аъзо давлатлар томонидан тасдиқланди.
«Бу потенциал хавфсизлик хатарларини камайтириш учун аризачиларни мунтазам ва пухта текшириш имконини беради», — дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун янги қоидалардан истисноларни назарда тутган.
«Россиянинг Украинага қарши уруши Европа хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб, саботаж, дезинформация ва дронларнинг иттифоқ ҳудудига бостириб кириши хавфини кучайтиришда давом этмоқда. Европа Иттифоқи ушбу ноқонуний тажовуз бошланганидан бери Россия фуқаролари учун кириш шартларини изчил кучайтирмоқда. Виза қоидаларининг қўшимча чекланиши Европа Иттифоқи ва унинг фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун яна бир зарур қадамдир», — деди технологик суверенитет, хавфсизлик ва демократия бўйича ижрочи вице-президент Хенна Вирккунен.
«Биз ўз ҳудудимизда дронлардан фойдаланишнинг мисли кўрилмаган ҳолатлари ва саботаж ҳаракатларига дуч келмоқдамиз. Фуқароларимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз. Энди Европа Иттифоқига келиш учун виза сўраб мурожаат қилган Россия фуқаролари учун янада қатъий қоидалар қўлланади. Европа Иттифоқига саёҳат қилиш ва иттифоқ ичида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқ эмас, балки имтиёздир», — дея таъкидлади Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.
«Янги қоидаларга мувофиқ, Россия Федерацияси фуқаролари томонидан виза олиш учун тақдим этилган барча аризалар кучайтирилган текширув тартиб-таомилларидан ўтказилади ва янада пухта кўриб чиқилади. Бу Шенген ҳудудининг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради», — деди ички ишлар ва миграция бўйича комиссар Магнус Бруннер.
2022 йил сентябрь ойида ЕИ Россия билан 2007 йилдан бери амалда бўлган виза режимини соддалаштириш тўғрисидаги келишувни тўхтатган. Ўшанда Россия фуқаролари Европа Иттифоқига қисқа муддатли виза олиш учун ариза топшириш имкониятини сақлаб қолганди, аммо кўпроқ ҳужжатларни тақдим этиш керак бўларди, аризаларни кўриб чиқиш муддати узайтирилган ва виза йиғими 35 евродан 80 еврогача кўтарилганди. Кўп марталик визалар бериш имконияти консулликларнинг ихтиёрида қолдирилганди.
