Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан она ва унинг уч фарзанди ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда Dunyo.

Ушбу оила Хакасия Республикаси пойтахти Абакан шаҳрида турли қийинчиликларга дуч келиб, оғир моддий аҳволга тушиб қолган. Улар нафақат молиявий кўмакка, балки консуллик кўмагига ҳам муҳтож эди, таъкидланади хабарда.

Бош консуллик уларнинг аҳволини тезда ўрганиб, зарур ёрдам кўрсатди: оилани Ўзбекистонга қайтариш учун барча ҳужжатлар тайёрлади ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида авиачипталар сотиб олинди.

«Ўзбекистоннинг ҳеч бир фуқароси эътиборан четда қолмайди ва зарур ҳолларда ватанига етиб олиши учун барча тегишли амаллар бажарилади», — қайд этди консуллик.

Яқинда Россиянинг Новосибирск шаҳрида оғир моддий аҳволга тушиб қолган фуқаро ва унинг икки фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди. Тегишли органлар улар учун сертификат ва авиачипталар тақдим қилди.

Аввалроқ Россиянинг Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Москва вилояти, Новосибирск каби шаҳарларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Бундан ташқари, назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволдаги яна 16 нафар вояга етмаган бола ватанга олиб келинган.

Шунингдек, Киев вилоятидаги иссиқхонада ишлашга мажбурланган 19 нафар ўзбекистонлик Молдова орқали ўз ватанига қайтарилди. Уларнинг озод этилгани ҳақида Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари сентябрь ойида хабар берганди.