Тошкент метрополитенида «Турон китоб бекати» мини кутубхоналар тармоғи ташкил этилди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

«Туркистон», «Буюк ипак йўли», «Беруний», «Чилонзор», «Мингўрик», «Тошкент», «Дўстлик» метро бекатларида маҳаллий ва хорижий муаллифларнинг асарлари мавжуд китоб жавонлари пайдо бўлди. «Алишер Навоий» ва «Пахтакор» бекатлари ўртасидаги ўтиш йўлакларига ҳам стеллажлар ўрнатилди.

«Мазкур лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад метрополитенда ҳар куни миллионлаб йўловчиларни манзилига етказишда уларнинг сафарини мазмунли, фойдали қилиш, билим, маърифат ва китобхонлик маданиятини йўлларимиз, бекатларимиз, метро йўналишларида тарғиб қилишдан иборатдир. Энг сара асарлар, шахсий ривожланишга хизмат қилувчи адабиётлар, шеърий тўпламлар, замонавий қўлланмалар билан бойитилган бу мутолаа бекати йўловчилар учун ноёб ва қулай имкониятдир. Ўқувчилар бекатдан бекатгача китобларни ўқиши ва уларни „Мутолаа“ лойиҳасидан буюртма қилиши мумкин бўлади», — таъкидлади вазирлик.

Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид янги метро лойиҳаси ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга рағбат бўлишини алоҳида таъкидлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, келгусида бошқа ерости ва ерусти метро бекатларида ҳам кутубхоналар ўрнатиш режалаштирилган.