• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Самарқандда СИ этикаси бўйича тадқиқотлар учун ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофоти совриндорлари тақдирланди


6 ноябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон халқаро мукофотининг илк совриндорлари эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

Мукофот Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2023 йилда таъсис этилган бўлиб, сунъий идрок соҳасида ахлоқий жиҳатлар, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни тарғиб қилишга қаратилган.

Мукофотнинг илк давраси соҳиблари профессор Виржилио Августо Фернандес де Алмейда (Бразилия), профессорлар Сьюзан Перри ва Клаудия Рода (Франция), шунингдек, Цинхуа университети ҳузуридаги Халқаро сунъий идрок бошқаруви институтининг (Хитой) профессор олимлари Лань Сюэ, Чжэн Лян ва Цянь Сяо бўлди.

Мукофот ҳар икки йилда бир марта уч нафар совриндор — жисмоний шахслар, муассасалар ёки ташкилотларга топширилади. Ҳар бир ғолибга медаль, сертификат ва 30 минг доллар миқдорида пул мукофоти берилади.

Тадбир муносабати билан The UNESCO Courier журналининг аллома Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган махсус сони инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилди, бу эса ЮНЕСКО рақамли кутубхонасининг бир қисмига айланади.

«Ўзбекистонда биз инновацияларни масъулият билан қабул қиламиз, сунъий идрок соҳасидаги ютуқлар умумий фаровонликка хизмат қилиши учун шароит яратамиз. Бу мукофот — илм-фан соҳасидаги мукаммалликка, глобал ҳамкорликка ва билимни ахлоқий асосда излашга бўлган садоқатимизнинг ифодасидир», — деди Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари ҳамда Президент Администрацияси ҳузуридаги Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари Гаянэ Умерова.

«Янги технологиялар — хоҳ у сунъий интеллект, робототехника, биотехнология ёки нейротехнология бўлсин — шиддат билан ривожланаётган бу дунёда бизга ахлоқий компас зарур. У тўсиқ эмас, балки йўлчи юлдуз бўлиши керак, шунда инновациялар ҳар доим умумий фаровонликка хизмат қилади», — деди ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле.

Лауреатлар ҳақида батафсил

Профессор Виргилио Аугусто Фернандеш де Алмейда

Минас-Жерайс федерал университетининг (UFMG) информатика бўйича фахрий профессори илмий тадқиқотлар ва давлат сиёсати орқали сунъий идрок соҳасидаги ахлоқий, инклюзив ва инсонга йўналтирилган ёндашувларни илгари суришга қўшган беқиёс ҳиссаси учун мукофотга сазовор бўлди. Унинг ҳозирги тадқиқотлари сунъий идрок, алгоритмлар, ахлоқ ва бошқарувни бирлаштиради, яъни алгоритмик тизимлар демократияга қандай таъсир кўрсатиши ҳамда ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар орқали тенгсизликни кучайтириши мумкинлигини ўрганади. Унинг «Рақамли дунёда бошқарув» (Palgrave Macmillan, 2020) ва «Алгоритмик институционализм: ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг ўзгарувчан қоидалари» (Oxford University Press, 2023) китоблари ахлоқий тамойилларга асосланган алгоритмларни демократлаштиришга даъват этади, рақамли бошқарувни кенг ижтимоий ўзгаришлар билан боғлайди.

Профессорлар Сьюзан Перри ва Клаудия Рода

абу райҳон беруний мукофоти, сунъий идрок, сунъий интеллект, юнеско

Профессор Сьюзан Перри инсон ҳуқуқлари бўйича, профессор Клаудия Рода эса информатика соҳаси бўйича мутахассислардир. Улар ёшларга йўналтирилган ва профилактик сунъий идрок этикаси бўйича илмий тадқиқотлар, таълим ва ижтимоий интеграцияни бирлаштирган инновацион фаолиятлари учун мукофотга сазовор бўлди. Профессорлар Рода ва Перрининг тадқиқотлари технологик инновацияларни илгари суриш билан бирга фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасидаги муҳим мувозанатни таъминлашга хизмат қилади. Ушбу комплекс ёндашув технологиялар ва инсон қадр-қиммати чорраҳасида йўл излаётган талабалар, сиёсатчилар ва амалиётчиларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқаро сунъий идрок бошқаруви институти, Цинхуа университети, Хитой

абу райҳон беруний мукофоти, сунъий идрок, сунъий интеллект, юнеско

Институт сунъий идрок этикаси бўйича тадқиқотларни ривожлантиришдаги улкан ҳиссаси, яъни илмий мукаммалликни сиёсий жараёнларга амалий таъсир билан уйғунлаштиргани учун мукофотга сазовор бўлди. Мукофот Цинхуа университети қошидаги Халқаро сунъий идрок бошқарувиинститути (I-AIIG) ходимларига — директор, декан, профессор Лань Сюэ, декан ўринбосарлари, профессорлар Чжэн Лян ва Цянь Сяога топширилди.

2020 йилда ташкил этилган ушбу институт Хитойда сунъий идрокнинг ахлоқий ва бошқарув жиҳатларини ўрганиш ҳамда сиёсий мулоқотни ривожлантириш бўйича етакчи илмий марказ ҳисобланади. I-AIIG сунъий идрокни бошқариш соҳасида тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятни ошириш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Институт ўз илмий ишлари ва халқаро шерикликлари орқали инклюзив ва масъулиятли сунъий идрок бошқарувини илгари суриш, шунингдек, хавфсиз, адолатли ва барқарор глобал сунъий идрок экотизимини шакллантиришни қўллаб-қувватлаш устида иш олиб бормоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *