• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Навоийда хотини, қайнотаси ва қайнонасини юк машинасида босиб ўлдирган шахс умрбод қамалди


Навоий вилоятида хотини, қайнотаси ва қайнонасини юк машинасида босиб кетиб, ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.

Воқеа 2025 йилнинг март ойида юз берган. Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Томди туман судида фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди.

Судланувчи 2008 йилда турмуш ўртоғи билан оила қуради. Улар уч нафар фарзандли бўлган. Аммо оиладаги келишмовчиликлар сабабли эр ва хотин ажрашади.

Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро юк машинасида қайнотаси, қайнонаси ва хотинини босиб кетган, сўнг яна қайрилиб, иккинчи марта уларнинг устига юк машинасини ҳайдаган. Фуқаро бу билан ҳам кифояланмасдан, улар ҳақиқатан ҳам ўлганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида машинадан тушиб, уларнинг олдига борган ва чалажон ҳолатда ётган хотинини пичоқлаган.

Мазкур вазиятга уй-жой масаласи сабаб бўлгани айтилган.

«Қотил уйсиз, оиласиз, ишсиз қолишига ўзи сабабчи. Бир умрлик қамоқ жазосини беришингизни сўраймиз. Отам, онам, сингилжоним руҳлари чирқирамасин… Ҳеч кимга бунақа қотил куёв дуч келмасин. Ҳеч кимга бунақа жудоликни раво кўрмаймиз. Бу жуда оғир мусибат», — деди марҳумларнинг қариндоши суд мажлисида.

«Ўзим билмаган ҳолатда бўлди. Мен режа қилганим йўқ… Фарзандларимнинг ҳаммаси билади уларни қанчалик яхши кўришимни, ҳеч бир ота фарзандисиз яшолмайди», — деди судланувчи.

Судланувчи Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «д», «ж» бандлари (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги икки ёки ундан ортиқ шахсни бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) билан айбли деб топилиб, унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аввалроқ Навоий вилояти Қизилтепа туманида эркак ажрашиш учун ариза берган ва алиментдан воз кечмаган турмуш ўртоғини 14 август куни Damas автомашинасида уриб кетган эди.

Шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эркак алимент тўловлари масаласидаги жанжалда турмуш ўртоғи ва 2 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *