Ўзбекистонда шахсий маълумотларни сақлаш тўғрисидаги қонунчилик қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтонда АҚШ компаниялари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш ва рақамлаштириш дастурлари қабул қилинган.
Президент бу соҳага АҚШнинг йирик технологик корпорациялари, жумладан, Google, Meta ва Nvidia аллақачон қизиқиш билдирганини айтди.
Шахсий маълумотларни сақлаш ва рақамли платформаларни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Биз америкалик ҳамкорлар билан биргаликда қонунчиликни янгилаш бўйича ишларни якунлаяпмиз. Бу янги технологик шериклик, жумладан, Apple Pay ва Google Pay глобал тўлов тизимларини ишга тушириш, рақамли академиялар ва стартап-хаблар тармоғини яратиш имкониятларини яратади», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида.
2021 йилда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Ҳужжатнинг 27−1-моддаси компанияларга Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш мажбуриятини юклайди. Молиячи Шуҳрат Қурбонов ушбу нормани талқин қилишда муаммо борлигини таъкидлади.
«Халқаро ўйинчиларнинг бизнинг бозоримизга киришга уринишидаги муаммо — мен ҳозир биринчи навбатда Google Pay ва Apple Pay ҳақида гапиряпман — шунчаки қонун одатда бизда қонунлар ёзиладиган тилда ёзилганлиги сабабли юзага келди. Яъни катта хоҳиш билан уни талқин қилувчи учун қулай бўлган ҳар қандай томонга талқин қилиш мумкин. Тушунтиришни эса кимдан сўраш — тушунарсиз», — деди у.
Президент администрацияси Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти бошлиғи ўринбосари Ҳикматилла Убайдуллаев ҳам ушбу норма талқинидаги ноаниқлик туфайли бизнесда хавотир уйғотаётганини таъкидлади.
Июль ойида Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг 27−1-моддаси билан юзага келадиган ҳуқуқий хавфлар муҳокамаси бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари ортиқча тартибга солишнинг олдини олиш учун маълумотларни маҳаллийлаштириш ёндашувини қайта кўриб чиқишни таклиф қилдилар.
Жаҳон банки аввалроқ хизматлар соҳасини ривожлантириш учун шахсий маълумотларни маҳаллийлаштириш талабларини юмшатишни таклиф қилган эди.