2025 йилда пойтахтдаги 19 та подстанция ҳамда 32 та подстанцияни бир-бирига боғловчи 35−110 кВлик тармоқларда таъмирлаш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Бобур Исломов таъкидлади, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
ҲЭТ расмийсига кўра, президентнинг 91-сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 259-сонли ҳамда 598-сонли қарорларида Тошкент шаҳрининг электр таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. «Ҳақиқатдан ҳам истеъмолчилар сони ва истеъмол миқдорининг кескин ошиши эвазига мавжуд тармоқларимиз, подстанцияларимиз ўта юкланиш билан ишлаяпти. Шуларни модернизация қилиш масаласи қўйилган», — дейди Исломов.
«Битта қарор билан 9 та, яна бир қарорга асосан, 28 та подстанцияларимиз янгиланяпти. Янги подстанция қуриш бизга осонроқ бўлади. Эски подстанцияни модернизация қилиш жуда оғир кечади. Сабаби битта тармоқ ёки битта трансформаторни ўчириб, ҳамма юкламани унга тушириб, иккинчисида ишлашга мажбурмиз. Мана шу вақтда муаммолар юзага келяпти», — дея қўшимча қилди у.
Бобур Исломов / Фото: ҲЭТ
Унинг сўзларига кўра, 91-сонли қарор бўйича дастурга киритилган 3 та подстанцияда, жумладан, Юнусобод туманидаги «Юнусобод» подстанциясида ҳам модернизация ишлари ҳали якунига етгани йўқ.
«Бу охирги босқичига келган. Шунинг ҳисобига юклама ошган вақти муаммолар пайдо бўлди ва 1,5 соат ичида бартараф этилди. Шунингдек, „Ботаника“ ҳамда Олмазор туманидаги „Сағбон“ подстанцияларимизда ҳам модернизация жараёнлари давом этяпти ва бу жорий йил охиригача якунланади. „Юнусобод“ подстанциядаги жараёнлар эса 15 кунда тугайди», — дейди ҲЭТ вакили.
«Биз ўзимизни ёки ниманидир оқламоқчи эмасмиз: бу подстанцияларимизда ҳозир ростдан муаммолар бор. Авариявий ҳолатлар бўладиган бўлса, уни бартараф қилиш учун бригадаларимиз тайёр, захира материалларимиз бор ва модернизация жараёнларини тўхтатмасдан параллел олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Имкони борича, янгисини бир томонлама бўлса ҳам қуриб, эскисини узмай туриб иш олиб боряпмиз, шунингдек, ҳаво ҳароратига қараб иккита трансформаторга қолдиришга имкон қадар ҳаракат қиляпмиз», — дейди у.
Бобур Исломовнинг таъкидлашича, 598-сонли қарорга асосан, 2025 йилнинг ўзида Тошкент шаҳри бўйича 19 та подстанция ва 16 та тармоқда, 32 та подстанцияни бир-бирига боғловчи 35−110 кВлик тармоқларда таъмирлаш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.
«Тошкент шаҳри ҳокимлигидан 2025 йилги ишлар учун 60 миллиард сўм ажратиш талаби қўйилган. Бу маблағ 326 километр линия ва 47 та трансформатордаги муаммоларни бартараф этишга йўналтирилади. Очиғини айтиш керак, бу ишлар йиллар давомида қилинмаган ва мана охири бу масалалар ечимини топиб келяпти», — дейди ҲЭТ расмийси.
Унинг айтишича, 2026 йилга ҳам пойтахт бўйича жуда катта дастур қилинган: 21 та подстанция ва 19 та линияда модернизация ишлари бажарилади.
Эслатиб ўтамиз, август ойида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Тошкентдаги подстанциялар, трансформаторларни таъмирлаш ва қуриш, янги линияларни ётқизишга 200 млн доллардан ортиқ маблағ йўналтирилишини маълум қилган эди. «Бюджетдан бўлмайди, президент молиялаштириш манбаларини белгилаб берди, бу душанбадан ишни бошлашимизга имкон беради», — деганди у.
Аввалроқ энергетика вазирига таяниб хабар берганимиздек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 0,4−110 кВ кучланишли тақсимловчи электр тармоқларининг узунлиги 9747 км ни ташкил қилади, эскирган тармоқлар тахминан 5000 км (51%), эскирган электр тармоқлари 73 та (39%), эскирган трансформатор станциялари тахминан 1400 (21%), абонентлар сони 840 минг, 32 та махсус техника ва 39 та автомашина, 410 ишчидан иборат 78 та бригада бор.
Биринчи босқичда йил охиригача 374 километр тармоқ, 11 нимстанция ва 62 трансформаторни янгилаш режалаштирилган. 2026 йилда модернизация яна 788 км тармоқ, 35 та нимстанция ва 145 та трансформаторни қамраб олади. Хусусан, маҳаллалардаги трансформатор ва тармоқлар таъмирланиб, янгилари ўрнатилади. Тошкент шаҳри ҳокимининг сўзларига кўра, бу ишлар учун 200 млн доллардан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
2023 йилнинг ноябрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов депутатларга энергетика инқирозининг олдини олиш учун Тошкентда қишга тайёргарлик қандай кетаётганини сўзлаб берганди. Ўшанда у энергетика тизимини модернизация қилиш учун давлат бюджетидан 14 триллион сўм (тахминан 1,14 миллиард доллар) йўналтирилгани, жумладан, Тошкент шаҳридаги электр тармоқлари ва подстанцияларни қуриш ва таъмирлашга 3,56 триллион сўм ажратилгани ҳақида маълум қилганди.
1 август куни сенатор Сайёра Абдикаримова Тошкент шаҳридаги электр энергияси таъминотидаги узилишлар юзасидан тушунтириш сўраб энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга сенатор сўрови юборганди. Сўровда аҳоли ва тадбиркорлар электр таъминотидаги 3−4 соатлик узилишлар бўйича кўплаб мурожаатлар жўнатаётгани айтилган.
