Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳоким ёрдамчиси ва адвокат жиноят ишини «ижобий ҳал қилиб бериш» эвазига пора олаётган пайтда қўлга олинди, дея хабар қилди ДХХ.
Маълум қилинишича, туман тиббиёт бирлашмасида аниқланган 61 миллион сўмлик камомад юзасидан прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган шахслардан бирига туман маҳаллаларидан бирида фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси мурожаат қилиб, танишлари орқали ишни «ижобий ҳал қилиб бериш» эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган. У ушбу пулни олаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ҳоким ёрдамчиси пора сифатида олинган пулни маҳаллий адвокатлик бюроси адвокатига топшириши кераклиги аниқланган. Натижада ушбу адвокат ҳам 2500 долларни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, адвокат мансабдор танишлари орқали жиноят ишининг гумонланувчига тегишли қисмини Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига (Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш) асосан тугатиб беришни ваъда қилган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси ва адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (Пора олишда воситачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ қайд этишича, ҳоким ёрдамчиси илгари Жиноят кодексининг 167-моддаси, адвокат эса 168-моддаси билан судланган бўлишига қарамай, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.
