• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади


Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни (ноябрь ойининг иккинчи шанбаси, бу йил 8 ноябрь) муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодир эканини қайд этди.

«Шу маънода, Мир Алишер Навоий бобомизнинг „Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил“, деган ҳикматли даъвати айнан сизлар каби жонкуяр ва фидойи инсонларга бағишланган, десак, адашмаган бўламиз», — деди президент ўз табригида.

«Биз сизларнинг янги Ўзбекистонда янги тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлидаги самарали фаолиятингизни юксак қадрлаймиз ҳамда шарафли ва масъулиятли меҳнатингиз учун эл-юртимиз номидан самимий ташаккур билдирамиз», — деди давлат раҳбари.

Президент кейинги йилларда давлат бюджетидан тиббиёт соҳаси учун йўналтирилаётган маблағлар ҳажми 6 карра оширилгани, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти тубдан яхшиланганини таъкидлади. Тиббий хизматлар аҳолига яқинлаштирилиб, сифатли тиббий хизматлар маҳаллагача туширилаётганини қайд этди.

«Энг муҳими, бундай ўзгаришлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Масалан, илгари фақат пойтахтда кўрсатилган 400 дан зиёд юқори технологик тиббий хизматлар ҳозирги вақтда вилоят ва туманларнинг ўзида ҳам амалга оширилмоқда», — дейилади табрикда.

Президентнинг маълум қилишича, мамлакатда 2017 йилдан буён оналар ўлими кўрсаткичи 21 промилледан 11 промиллега, гўдаклар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллега камайган.

Давлат раҳбари соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, 2025 йил биринчи марта давлат тиббиёт муассасаларига робот технологиялари кириб келди. Ўтаётган йилда тиббиётни рақамлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Соҳада DMED ягона электрон ахборот платформаси ишга туширилиб, унга 36 миллион нафардан зиёд аҳолининг тиббий маълумотлари киритилган. Вазирлик тизимида «Рақамли соғлиқни сақлаш» маркази очилган.

Сунъий интеллект асосида бажарилаётган тиббий текширув ва муолажанинг турлари 43 тага етган. Тез тиббий ёрдам хизматида чақириқларни электрон бошқариш тизими ўрнатди. Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мамлакат фармацевтика бозорида миллий маҳсулотларнинг ҳажми кўпайиб, 2017 йилдан буён ишлаб чиқариш 1,4 триллион сўмдан 6,3 триллион сўмга, экспорт миқдори эса 6,3 миллион доллардан 250 миллион долларга ўсгани маълум қилинди.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида мавжуд учта олий ўқув юрти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Самарқанд давлат тиббиёт университети нуфузли халқаро «Times Higher Eduсation» (THE) рейтингидан жой олди. Халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт олий таълим муассасаларининг сони 8 тани ташкил этмоқда.

Бу йил 300 нафарга яқин мутахассисларимиз ўнлаб ривожланган хорижий мамлакатларда ўз билим ва малакасини ошириб келгани қайд этилди.

Президент мамлакат аҳолисининг турмуш шароитлари яхшиланиб, ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайганини маълум қилди.

«Сиз, азизлар бундан буён ҳам бой билим ва тажрибангиз, малака ва маҳоратингиз билан соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, Ўзбекистон тиббиётининг шонли анъаналарини изчил давом эттириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини ўзлаштириш учун янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласиз деб ишонаман. Ўз навбатида, соҳа ходимларининг хизматларини муносиб қадрлаш, улар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб бериш масалалари бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлиб қолади», — дея қайд этди президент табрик якунида.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *