Ўзбекистонда наркожиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ушбу жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади. Бу 7 ноябрь куни президент имзолаган «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда қайд этилган. Фармон матнини ЎзА эълон қилди.
Фармонга кўра, Ички ишлар вазирлиги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишикераклиги белгиланган.
Бош прокуратура, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитасининг қатор таклифлари маъқуллади.
Хусусан, уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар» номли алоҳида янги бўлим киритилади.
Наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги қилмишлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритилади:
- наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий усулларда ёки интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомалага киритишга ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш;
- ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш.
Гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни киритилади.
Наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик чораларини 2 бараваргача оғирлаштирилади:
- гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;
- кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш;
- алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда.
Шунингдек, вояга етмаганларни ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида:
- ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этишни жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолати сифатида қайд этилади;
- вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади;
- таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини 2 бараваргача оғирлаштирилади;
- вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритилади.
Бундан ташқари, айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартибини жорий этилади.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссия маҳкумларнинг афв этишга оид мурожаатларини ўрганишда аҳоли генофондига қарши содир этилган ҳар қандай жиноят давлат, жамият ва шахс учун жиддий хавф эканига ҳамда ўта оғир оқибатларга олиб келишига алоҳида эътибор қаратилади.
