Қатарда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати (U-17) доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Ирландияга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Исломбек Исмоилов шогирдлари J гуруҳидаги иккинчи ўйинда илк голни киритди: Абубакир Шукуруллаев 20-дақиқада ҳисобни очди. Ўнг қанотдан ёриб кириш билан бошланган ҳужумда илк зарбани дарвозабон қайтаришга муваффақ бўлганди, аммо қайтган тўпни Шукуруллаев дарвозанинг юқори тўққизлигига жойлаб қўйди.
Ҳисобдаги устунлик узоқ давом этмади — биринчи таймнинг 33-дақиқасида рақиб яримҳимоясичи Грейди Макдоннелл ҳисобни тенглаштирди. У ичкарида юқоридан келган узатмани қабул қилиб олди ва бош билан зарба йўллаб, уни голга айлантирди. Биринчи бўлим 1:1 кўринишида битди.
Ўйиннинг 75-дақиқасига келиб «Шемрок Роверс» клуби ҳужумчиси Майкл Нунен ўйиндаги сўнгги голга муаллифлик қилди ва мамлакатининг ғалабасини таъминлади.



Гуруҳдаги иккинчи ўйинда Парагвай Панама термасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Иккинчи турдан сўнг J гуруҳида 6 очко жамғарган Ирландия пешқадам бўлса, Ўзбекистон ва Парагай 3 очкодан тўплаган ҳолда 2- ва 3-ўринларни эгаллаб турибди. Ҳисобига ҳали очко ёздира олмаган Панама гуруҳнинг энг сўнгги поғонасидан жой олган.

Ўзбекистон 11 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:30 да айнан Панамага қарши майдонга тушади.
U-17 Жаҳон чемпионатининг илк ўйинида Парагвай устидан қозонилган ғалабадан сўнг Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мураббийи Ислом Исмоилов футболчилар ҳаяжонни енгиб, штаб кўрсатмаларини бажарганини ва рақиб босимига дош берганини айтганди. У олинган 5 та сариқ карточкани футболчиларнинг ёши билан боғлаган, шунингдек, «энг муҳими ғалаба» эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 27 ноябрга қадар давом этади. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ва учинчи ўринни эгаллаган энг яхши саккиз жамоа 1/16 финалга йўл олади. Чемпионлик унвонини 2023 йилда Индонезияда бўлиб ўтган олдинги ўйинда ғалаба қозонган Германия ҳимоя қилади.
Фото









