Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш тизими аллақачон йўлга қўйилган ва ҳозирги кунда ҳисоблагичларнинг сони 10 500 тани ташкил этмоқда. Бу ҳақда 6 ноябрь куни «Ҳудудий электр тармоқлари»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

ҲЭТ вакили Диёрбек Нишоновнинг тушунтиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарорига асосан, фуқаро томонидан шахсий электромобиль учун қувватлаш ускунаси ўрнатилса, унга алоҳида ҳисоблагич ўрнатилади ва ҳисобрақам очилади. «Ишлатилган электр энергияси нархи II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тариф асосида ҳисоб-китоб қилинади. Бугунги кунда ҳар бир киловатт учун 1000 сўмдан ёзилади», — дейди у.

ҲЭТ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар электромобиллар учун 10 500 та алоҳида ҳисоблагич ўрнатилиб, ҳисобрақам очилган. Алоҳида қувватлагич ускуналарининг аксарияти ҳовлида ва кўп қаватли уйларнинг юқори қисмида яшовчи фуқаролар томонидан ўрнатилган. Уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига тўғри келади.

электр энергияси, электромобил, ҳудудий электр тармоқлари

Алвар Ғайбуллаев / Фото: ҲЭТ

«Электромобили бор аҳолининг ҳаммаси кўп қаватли уй олдига ўзи учун алоҳида-алоҳида қувватлагич ўрнатса, эртага ўша „дом“ электр таъминоти барқарорлигини йўқотади. Жуда кўп ҳолатларда қувватлаш ускуналари умуман техник хавфсизликка жавоб бермайдиган, ёш болаларнинг бўйи етадиган даражада ўзбошимчалик билан ўрнатилмоқда. Шу каби масалаларнинг барчасини бартараф қилиш мақсадида ҳозирда янги тартиб ишлаб чиқиляпти», — дейди у.

«Унга кўра, электромобилларни қувватлаш ускуналари уйларнинг олдидан олинади ва махсус жойлар кўпайтирилади. Бўлмаса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун жуда ҳам катта ноқулай вазиятлар туғилиши мумкин», — дейди Алвар Ғайбуллаев.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июлида ўтказилган тадбирда ҲЭТ вакили йил якунига қадар электромобилларни қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш йўлга қўйилишини маълум қилганди. У фуқароларнинг яшаш учун алоҳида, электромобиль учун алоҳида ток ишлатишни хоҳлаётганини таъкидлаганди. «Ҳозирда ҳисоб очишда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида муаммога учраяпмиз», — деганди у.