• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда


2026 йилдан бошлаб ҳар йили давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади. Маблағ Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Бу ва бошқа имтиёзлар Ўзбекистон президентининг давлат тиббиёт муассасаларида ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Йиллик мусобақа

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган касб байрами муносабати билан ҳар йили:

  • «Энг яхши республика шифохонаси раҳбари»;
  • «Энг яхши ҳудудий соғлиқни сақлаш органи раҳбари»;
  • «Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари»;
  • «Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари»;
  • «Энг яхши туман (шаҳар) шифокори»;
  • «Энг яхши туман (шаҳар) ўрта тиббиёт ходими»;
  • «Энг яхши оилавий поликлиника»;
  • «Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси»;
  • «Энг яхши ҳудудий шифохона» номинациялари бўйича танлов ўтказилади.

Ғолиблар Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади: тиббиёт муассасалари — 500 млн сўм, тиббиёт ва бошқарув ходимлари — 30 млн сўм.

Шунингдек, танлов ғолиблари давлат мукофотларига тақдим этилади ҳамда менежмент дастурлари ва бошқа замонавий дастурлар асосида ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан хориждаги таълим ва илмий ташкилотларда ўқишга тавсия этилади.

2026 йилдан бошланадиган имтиёзлар

1 январдан миллий аккредитациядан ўтган ходимларга лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама жорий этилади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бир йилда бир марта давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олишлари мумкин бўлади.

Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий этган ва унинг ижобий натижасига эришган шифокорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, барча ходимлар учун барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдори 2 бараварга камайтирилади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади.

Ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Камида 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда тиббиёт муассасасининг маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2026 йилдан бошлаб юқоридаги мақсадлар учун Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига ҳар йили қўшимча 100 миллиард сўмдан индексация қилинадиган маблағ ажратиш топширилди.

Аввалроқ 2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларининг режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши ҳақида ёзган эдик. Байрам ва дам олиш кунлари иш навбатчилик асосида ташкил этилади.

Қарорнинг мақсади сифатида тиббиёт муассасалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали меҳнат қилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, «Шифокор — аҳоли саломатлиги посбони» шиори остида шифокорларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини ошириш белгиланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *