Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Тимур Кападзе лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар қилди.

Ассоциация хабар қилишича, Кападзе ўз фаолиятини янги босқичда давом эттириш истагини билдирган ҳолда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига мурожаат қилган.

«Мутахассисга бошқа таклиф тушгани ҳамда у ўз мураббийлик фаолиятини бош мураббий сифатида давом эттириш ниятида эканлиги боис, ЎФА раҳбарияти унинг қарорини ҳурмат билан қабул қилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе 22 январда Сречко Катанец ўрнига терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланганди. Кападзе бошчилигидаги терма жамоа Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи доирасида ўз уйида Қирғизистонни мағлуб этди (1:0) ва меҳмонда Эрон билан дуранг ўйнади (2:2). Шунингдек, меҳмонда БАА билан дуранг ўйнади (0:0), уйда эса Қатарни мағлуб этди (3:0). Шу билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк марта жаҳон чемпионатига чиқди.

Шунингдек, 8 сентябрь куни Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси CAFA Nations Cup турнири финалида Эронни 1:0 ҳисобида мағлуб қилди ва 1994 йилдан бери илк марта расмий турнирда ғалаба қозонди.

6 октябрь куни ЎФА миллий терма жамоага италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланганини маълум қилди. Кападзе эса унга ёрдамчи қилиб тайинланганди.