• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

бу рақамлар нимани англатади? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


7 ноябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон билан кейинги уч йил учун 35 млрд долларлик, 10 йил учун эса 100 млрд долларлик савдо ва иқтисодий келишувга эришилгани ҳақида пост қолдирганди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев ушбу сумма Ўзбекистон иқтисодиёти учун қанчалик йирик эканини изоҳлади.

«Трамп шартномага эришилганини эълон қилгани ортидан Х тармоғидаги турли саҳифалар Ўзбекистон ЯИМининг 100 фоизига тенг савдо шартномаси имзолади қабилида хабарлар эълон қилишни бошлади. Аслида бу битимнинг амалга ошиш ёки ошмаслиги алоҳида масала. Бу ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Лекин бу „келишув“ ҳақиқатдан ҳам иқтисодиётимиз ҳажмига тенгми? Иқтисодиётимиз бу битимни кўтара оладими? Шу каби саволларга жавоб бериб кўрайлик», — дейди у.

Иқтисодчи 2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 115 млрд долларни ташкил этганини таъкидлаб, 100 млрд долларлик битим бунинг 87 фоизини ташкил этишини таъкидлаган.

«Лекин битим 10 йилда амалга ошишини ҳисобга олсак, бу 10 йилдаги жами ЯИМнинг 2,8 фоизига тенг холос (пандемиядан кейинги ўртача ўсишни ҳисобга олганда). Яъни пандемиядан кейинги даврдагидек ўсишда давом этсак, 10 йил учун 100 млрд долларлик битим жуда катта рақам эмас. Биринчи уч йилда 35 млрд доллар эса уч йиллик иқтисодиётимизнинг 6,7 фоизини ташкил этади. Яъни [бу миқдор] тармоқларда тарқатилаётгани каби катта рақамлар эмас», — дейди Миркомил Холбоев.

У, шунингдек, йирик келишувлар Трамп билан музокараларда ишлатиладиган воситалардан бири эканини қайд этган.

«Юқорида ёзганимдек бу шартноманинг бажарилиши алоҳида масала, Трамп даврида у билан келишиш учун уни хурсанд қиладиган келишувлар таклиф қилиш керак (АҚШга инвестиция, АҚШ товарларини сотиб олиш каби), келишув бажарилиши эса унчалик муҳим кўрсаткич эмас, кўплаб давлатлар бу усулдан фойдаланиб келмоқда», — дейди иқтисодчи.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи доирасида эришилган битимлар ҳақида маълумот берганди. Келишувлар саноат, авиация, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар ва хавфсизлик соҳаларини қамраб олган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *