• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон АҚШдан кичик ядро реакторларини сотиб олади. Мамлакатлар муҳим фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олмоқчи


АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ва АҚШ президентлари Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича эришилган қатор келишувлар тафсилотларини эълон қилди.

Баёнотга кўра, икки мамлакат ҳукуматлари иқтисодиёт, хавфсизлик ва гуманитар соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш устида ишламоқда, бу эса икки мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашни кўзда тутади.

Президент Трамп келишувларни, жумладан, АҚШни муҳим минераллар билан таъминлаш ва энергетика ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган битимларни олқишлади, дейилади хабарда.

Келишувлар орасида:

  • АҚШнинг биргаликда қазиб олинаётган фойдали қазилмалар конларидан фойдаланишда устуворлиги ва муҳим минераллар конларининг биргаликда тузилган хариталари бўйича маълумотлар алмашиш ҳуқуқи;
  • АҚШ ва Ўзбекистонда муҳим минераллар ва нодир ер элементларини етказиб бериш занжирларини мустаҳкамлаш учун 400 млн долларгача инвестициялар тўғрисида битим;
  • Ўзбекистоннинг АҚШ энергетика компанияларидан кичик ядровий модулли реакторлар сотиб олиш мажбурияти.

2025 йил май ойида АҚШ ядровий назорат комиссияси 77 МВт қувватга эга NuScale Power Module кичик модулли атом реакторининг (SMR) янги версиясини маъқуллаган. Аввалроқ 2023 йилда регулятор 50 МВт қувватга эга версияни сертификатлаб, уни АҚШда расман тасдиқланган биринчи SMR дизайнига айлантирган эди.

Бундан ташқари, Американинг Air Products компанияси Ўзбекистонда метанол ишлаб чиқариш заводи қурилишига 3 миллиард долларгача сармоя киритмоқчи. Компания 2019 йилда Ўзбекистонда «метанолни олефинларга айлантириш» лойиҳасини ташкил этиш имкониятларини ишлаб чиққанди. Ҳукумат ўша пайтда табиий газни қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганди.

2023 йил май ойида MTO Gas Chemical Complex лойиҳа компанияси Air Products билан шартнома тузган. Тошкентда имзоланган ҳужжат метанол ишлаб чиқариш бўйича завод қуришни назарда тутади. «Метанол ороли» номи билан машҳур лойиҳа Бухоро вилоятидаги метанолдан олефинлар ишлаб чиқариш бўйича газ-кимё мажмуасининг асосий қисми бўлади.

Томонлар, шунингдек, халқаро жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида тезкор маълумот алмашиш ва Америка ускуналарини сотиб олиш орқали минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон уч йил ичида АҚШдан 5 млрд долларлик автомобиль бутловчи қисмларини сотиб олишни режалаштирмоқда, АҚШ компаниялари эса UzAuto Motors’ни хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин. Компания 2026 йилнинг биринчи чорагида савдога қўйилиши режалаштирилганди.

Аввал хабар қилинганидек, Uzbekistan Airways томонидан умумий қиймати 8,5 млрд доллар бўлган 22 та Boeing 787 Dreamliner самолётларини сотиб олиш бўйича шартномалар, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдан 2 млрд долларгача бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларини импорт қилиш мажбурияти имзоланган.

Ўзбекистон президенти АҚШ бизнеси вакиллари билан учрашувда АҚШ билан ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналишини — энергетика, стратегик хомашё, логистика ва IT соҳаларини кўрсатиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш энергия нархини 15 фоизга пасайтириш ва уни минтақадаги энг арзон манбалардан бирига айлантириш имконини беради.

2026 йилдан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *