Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари кунини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни дея қайта номлаш таклифини берди. Бу ҳақда у Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида айтиб ўтди.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда давлат раҳбари соҳа тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб янги ташаббусларни «сизлар билан муҳокама қилиб оламиз» дея сўз бошлади.
«Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан буён ушбу байрамни Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни деб нишонласак, ўйлайманки, сизлар буни қўллаб-қувватлайсизлар!» — деди президент.
«Буларнинг барчаси тиббиёт ва фармацевтика ходимларига кўпроқ изланиш, илғор даволаш ва профилактика усулларини эгаллашда катта рағбат, куч-ғайрат беради» деб ишонмоқда Шавкат Мирзиёев.
Мазкур касб байрами ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади. Бу йил сана муносабати билан президент давлат тиббиёт муассасалари ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра, тиббиёт муассасалари ва уларнинг ходимлари ўртасида ҳар йили танлов ўтказилади, шунингдек, айрим имтиёзлар жорий этилади.
Аввалроқ 2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларининг режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши ҳақида ёзган эдик. Байрам ва дам олиш кунлари иш навбатчилик асосида ташкил этилади.
