Ҳудудларга машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувида маълум қилди.
Вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари ҳам ҳалигача эскича ёндашув, эскича услубда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Президентнинг айтишича, ҳудудларга қанча машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, айримларининг қадоғи ҳали очилмаган.
«Мисол учун, Гурлан тумани шифохонасига 300 минг долларга олиб берилган МСКТ аппарати қувватига нисбатан атиги 9 фоизга хизмат кўрсатяпти. Ёки Навоий вилоят шошилинч марказидаги қарийб 1 миллион доллар турадиган ангиограф 4 фоиз юклама билан ишламоқда», — деди у.
Бундан ташқари, Кардиология марказига уч йил олдин 5 миллион долларга олиб берилган замонавий лаборатория ва симуляция ускуналари бир кун ҳам ишлатилмагани қайд этилди.
Президент уларнинг масъуллари хусусий клиникаларга бориб, тадбиркорлар бундай аппаратларни қандай самарали ишлатаётганини кўриши, ўрганиши кераклигини қайд этди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари хусусий клиникаларнинг юқори технологик хизматлар борасидаги ютуқларини тилга олди. Унинг айтишича, бугун хусусий клиникалар давлат шифохоналари билан тенгма-тенг туриб, айрим юқори технологик хизматлар бўйича олдинга ҳам ўтиб кетган.
«Масалан, жарроҳликда робот технологиялари ҳам биринчилардан бўлиб хусусий секторда қўлланди. Лекин Нейрохирургия, Хирургия марказларининг эса робот ёрдамидаги операцияларни қачон йўлга қўйиш бўйича режаси йўқ», — деди президент.
У яқинда Республика онкология маркази раҳбари ишдан олиниб, ўрнига Туркиядан малакали бошқарувчи қўйилганини эслатди. Бу марказга Франциянинг дунё тан олган «Густав Русси» клиникаси ҳам жалб қилинди. Уларнинг клиник протоколларини татбиқ этиш бошланади.
«Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январида президентга тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти чоғида бу мақсадлар учун ҳар йили бюджетдан камида 100 миллиард сўм ажратилаётгани таъкидланганди. Бундан ташқари, биргина 2024 йилнинг ўзида юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш учун 200 миллион долларлик хорижий инвестиция ва 94 миллион долларлик грантлар жалб этилган.