Олий маълумотга эга, шифокор билан ёнма-ён турадиган ҳамшираларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда. Хусусан, келгуси йилдан олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама берилади.
Давлат раҳбари яқин йилларда олий маълумотли ҳамшираларнинг улушини 10 фоизга етказиш мақсад қилинганини таъкидлади. Шу сабабли келгуси йилдан барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра, 2027 йилдан эса камида 20 фоиздан ошириб борилади.
«Кўп вақтини бемор олдида ўтказадиган ҳам, муолажаларни бажарадиган ҳам — ҳамширалар», — деди давлат раҳбари. Аммо эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади. Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия каби давлатлар олийгоҳлари билан бирга келаси йилдан олий маълумотли ҳамшира тайёрлашни бошлайди.
Айни пайтда ўрта маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгартирилади. Бу борада Англиянинг «Пирсон» компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамшираларни тайёрлаш бошланди. Бунинг давоми сифатида Германия, Швейцария, АҚШ каби давлатларнинг таълим дастурлари олиб кирилади. Шулар орқали халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамшираларнинг корпуси шакллантирилади.
Президент бугунги давр шифокори замонавий технология, даволаш ва диагностика усулларидан хабардор бўлиши, ўз устида доимий ишлаб бориши шартлигини қайд этди. Шу боис, тиббиёт ходимларининг малакасини узлуксиз ошириб борадиган янги тизим бўлади.
Келгуси йилдан малака оширишнинг масофавий, робот-симулятор, амалий, иш жойида мустақил тайёргарлик каби турлари йўлга қўйилади. Малака ошириш талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Узлуксиз касбий тиббиёт таълими маркази ташкил қилинади.