• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Nvidia иштирокида сунъий интеллект бўйича Илғор тажриба маркази ва кластерлар яратади


Ўзбекистон сунъий интеллектни таълим тизимига жорий этиш ҳамда олийгоҳлар, саноат ва давлат сектори учун сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Американинг процессор ишлаб чиқарувчи Nvidia компаниясини жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазир Шерзод Шерматов мазкур масалаларни АҚШда компания раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашув давомида муҳокама қилди.

«Вазирлик 2026 йилга қадар умумий ҳисобда 1 мегаваттгача ҳисоблаш қувватига эга бўлган иккита Сунъий интеллект кластерининг техник асосларини ишлаб чиқиш ва баҳолашни режалаштирмоқда. Кластерлардан бири таълим ва илмий изланишларга, иккинчиси эса рақамли ҳукумат, тиббиёт ва саноатдаги сунъий интеллект лойиҳаларига йўналтирилади. Уларнинг амалга оширилиши алоҳида келишувлар ва мавжуд инфратузилма имкониятларига боғлиқ бўлади», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон, шунингдек, Сунъий интеллект соҳасида илғор тажриба маркази (AI Excellence Center) ташкил этишни режалаштирмоқда. У Nvidia технологиялари ва таълим дастурлари асосида фаолият юритади. Марказ ўқитувчиларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш билан шуғулланади. 2026 йилда ишга туширилиши кутилаётган марказга тахминан 3 миллион доллар сармоя киритилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилда саноат корхоналари, банклар ҳамда давлат ташкилотларида қўшимча NVIDIA AI инфратузилмасини жорий этиш имкониятларини ўрганмоқда. Ушбу мақсадда тахминан 1 мегаватт қувват ва зарур молиявий ресурсларни ажратиш кўзда тутилган. Лойиҳа алоҳида келишувлар асосида амалга оширилади.

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларини NVIDIA суперкомпьютер инфратузилмаси билан таъминлаш бўйича ташаббус ҳам кўриб чиқилмоқда. Лойиҳа учун молиявий ресурслар ажратилган бўлиб, харид жараёни 2025 йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.

Мамлакатдаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларига сунъий интеллект йўналишларини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, NVIDIA Deep Learning Institute дастурлари асосида профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.

«Nvidia’дан биринчи кичкина кластер [Ўзбекистонга] келди. Кейинги кластер учун ҳам шартнома имзоладик. Nvidia билан нафақат чип сотиб олиш, балки илмий йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам келишув имзолаяпмиз», — деди вазир Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

У шунингдек, Ўзбекистон ҳамкорликни йўлга қўяётган компаниялар — Juniper Networks, Datavolt, Super Micro ва бошқаларни ҳам тилга олди. Вазир таъкидлашича, сунъий интеллект соҳасидаги масалаларда ChatGPT, Gemini ёки Claude каби платформаларда ўзбек тилининг мавжуд бўлиши ва тўлақонли қўлланилиши муҳим аҳамиятга эга.

«Бунинг учун уларга ўзбек маълумотларини data labeling, яъни тизимлаштириб бериш керак. У ерда Scale AI деган компания бор. Scale AI ҳамма компанияларга маълумотларни тизимлаштириб беради. Шунинг учун Scale AI билан гаплашиб, ўзбек тилидаги маълумотлар [бўйича ҳамкорликни муҳокама қилдик]. Президентимиз Америкага ташрифи чоғида маълумотга эга бўлган ташкилотларга ҳамма маълумотларни беринглар, деб вазифа қўйган эди. Маълумотлар берилгандан кейин улар тизимлаштирилиб, [глобал СИ] тизимларига киритилади ва эртага барча сунъий интеллект платформалари ҳам ўзбек тилини яхшироқ тушунадиган, яхшироқ гаплашадиган бўлади», — деди вазир.

Scale AI компанияси 2016 йилда Сан Франциско шаҳрида ташкил этилган бўлиб, у ҳозирда генератив сунъий интеллект учун маълумот етказиб берувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг мижозлари орасида давлат тузилмалари, технология компаниялари ва корхоналар бор.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини Ўзбекистонда ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хаблар тармоғини яратиш режалари ҳақида маълум қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *