• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президентга 36 млн фуқаронинг тиббий маълумотларини ўзида жамлаган DMED ахборот тизими тақдимот қилинди


Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

У ерда давлат раҳбарига 36 миллион нафардан зиёд фуқароларнинг тиббий маълумотларини ўзида жамлаган DMED ягона электрон ахборот тизими имкониятлари тақдим этилди.

Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув йўлга қўйилиб, чақириқларга етиб бориш вақти 25−30 дақиқадан 10−15 дақиқагача қисқартирилган. Яқин келажакда «Online-шифокор» хизмати жорий этилиб, аҳолига масофадан тиббий маслаҳат бериш имкони яратилиши кутилмоқда.

Аввалроқ бу тизим 2026 йилда «103» хизматида йўлга қўйилиши ва тез тиббий ёрдам хизмати электрон тизимлари шифохоналар ҳамда бирламчи тизим муассасалари билан интеграция қилиниши хабар қилинганди.

Шунингдек, «Электрон рецепт» тизими фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайган, дори воситалари айланмаси эса шаффофлашган. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда, қайд этилди тақдимотда.

«Замонавий тиббиёт муассасаларини барпо этяпмиз, соҳада сунъий интеллектни жорий қиляпмиз, энг илғор ускуналарни олиб келяпмиз. Бу ўзгаришлар энг қуйи бўғингача етиб бориши зарур. Энг муҳими, ҳар бир тиббиёт ходимининг малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашга эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина ҳаракатларимиз натижа беради», — деди президент.

Бундан ташқари, «Рақамли соғлиқни сақлаш маркази» фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Унда барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти реал вақт режимида кузатилиб, сурункали касалликлар ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинмоқда.

Давлат раҳбари тиббиёт тизимининг рақамлаштирилиши беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлаш учун муҳим эканини таъкидлаб, бу ишларни жадал давом эттиришни топширди.

Ташриф чоғида университетдаги замонавий таълим муҳити ва сунъий интеллект ёрдамида фаолият юритаётган ўқув лабораториялари билан танишилди. Реанимация, оилавий поликлиника, шошилинч ёрдам, операция, педиатрия, акушерлик ва терапия бўйича симуляцион хоналарда талабалар амалиёт орқали билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Бунинг учун яратилган шароитлар ва келгуси режалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Шавкат Мирзиёев тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, бу жараёнда илғор усул ва технологияларни қўллашни кенгайтириш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Эслатиб ўтамиз, президент шу ерда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашув ҳам ўтказди ва келгусида ҳам тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча шароитларни яратиш давом эттирилишини таъкидлади.

Хусусан, келгуси йилдан тиббий ускуна, жиҳоз ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтирилади.

Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича берилган имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланади.

Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади. Бу маблағлар келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоиз ставкада берилади.

Тиббий ускуналарни олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтирилади, ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади, 200 млн долларлик имтиёзли ресурс ажратилади. Хусусий клиникада хизматлар арзон ва сифатли бўлса, тиббий суғурта маблағи уларга тўлаб берилади. Йиғилишда нималар ҳақида сўз боргани — қуйидаги линкларда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *