• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ тиббиёт ходимларини мукофотлади


9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетида мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, улар орасида дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим ва тажриба олиб, Ўзбекистонга қайтиб ишлаётган, юқори технологик муолажаларни амалга ошираётган ёш шифокорлар, аҳоли саломатлигини сақлашда яқиндан кўмак бераётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.

Давлат раҳбари мамлакатда «иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, одамларни ишли ва даромадли қилиш, ёшларга замонавий билим ва тарбия бериш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш» бўйича ислоҳотлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади.

Натижада бирламчи тиббиёт муассасаларининг қуввати 60 фоизга ошган. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар эса туман даражасига туширилди.

«Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир, — деди президент. — Юртимизда ўртача умр давомийлиги эркаклар ўртасида 71 дан 73 ёшга, хотин-қизлар орасида эса 76 дан 77,5 ёшга узайгани сизлар билан эришган катта ютуғимиз, десам тўғри бўлади. Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули бўлган бундай эзгу ишларда 600 мингдан зиёд жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди».

Президент давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, тақдирланганларни бутун халқимиз номидан табриклади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев шу куни ўтказган йиғилишида Тиббиёт ходимлари кунини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни сифатида нишонлаш ҳақида гапирди. «Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур қилиб бўлмайди», — деди президент.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *