Ўтган октябрь ойи илиқ ва қуруқ бўлди. Республиканинг катта қисмида ойлик ўртача ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга нисбатан 1.5−2.7 даража юқори бўлди, дейилади Ўзгидрометнинг иқлим шарҳида.
Ойдаги максимал ва минимал ҳароратлар октябрга хос бўлмаган экстремал қийматлардан холи ўтди. Октябрь бу йил қурғоқчил бўлди, республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир одатдагидан анча кам бўлди.
Ўтган ойдаги минимал ва максимал ҳароратларнинг кузатувлар тарихидаги мутлақ ҳароратлар билан таққоси.
Республиканинг жанубий-ғарбий ва жанубий ҳудудларида — Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик деярли кузатилмади ёки жуда кам бўлди.
Республиканинг бошқа ҳудудларида 1−3 кун қисқа муддатли ёмғир ёғиши кузатилди ва ойлик миқдори 1−5 мм.ни, Фарғона водийси вилоятлари ва Қорақалпоғистоннинг баъзи жойларида эса 7−12 мм.ни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кўпроқ ёғингарчилик кузатилди — ойлик миқдори 20 мм.дан 35 мм.гача, Тошкент вилоятининг баланд тоғли ҳудудларида — 50−100 мм.
Ой охирида Ойгаинг метеостанцияси ҳудудида ушбу мавсумдаги биринчи қор қоплами қайд этилди. Қор баландлиги 10 см. гача етди.
Республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13−18 м/с.гача кучайиши, жанубда ва чўл ҳудудларда чанг-тўзонлар билан кузатилди.
Ўзбекистонда жорий йилнинг октябрь ойи бошқа йилларга нисбатан энг қурғоқчил ва энг иссиқ ойлардан бири бўлди, дейилади шарҳда.
