Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Жорий ҳафта бошида минтақага навбатдаги юқори босимли атмосфера жараёни таъсир этади. Марказида атмосфера босими 1030 гПа гача кўтарилувчи антициклон аслида айни давр учун ҳавони кескин совитувчи жараён эмас, аммо, шунга қарамай, бу жараён жойларда тунда ноль даражага яқин сезиларли совуқликни, кундузи эса қуёш нурлари билан боғлиқ илиқ муҳитни улашади.
Пайшанбадан шимолга, жумадан республиканинг катта қисмига таъсир этиши кутилаётган иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кундузи жойларга +20 даражагача, дам олиш кунлари эса жанубий вилоятларга +25 даражагача иссиқликни тақдим этади. Дам олиш кунлари тунда ҳам ҳарорат ҳафтанинг иш кунларига нисбатан анча кўтарилади.
Бу каби ҳаво оқимлари ҳафтанинг тўлиқ қуруқ, ёғингарчиликларсиз ўтишини таъминлайди.
Манба: Meteoinfo.ru
Пайшанба куни Ўзбекистонга Туркманистон орқали иссиқ ҳаво оқими таъсири хорижий об-ҳаво хизмати прогнозларида ҳам акс этган. Масалан, 13 ноябрь куни соат 14:00 учун ишлаб чиқилган ушбу ҳаво ҳарорати прогнози харитасида бу манзара яққол кўриниб, ушбу вақтда жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +20 даражадан юқори эканлиги кўринади. Туркманистонда бу пайтда ҳатто ҳаво ҳарорати максимумлари +26 даражагача исиб бориши қизғиш рангларда тасвирланган. Бу каби ҳарорат дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида ҳам такрорланиши мумкин.
Манба: COSMO_RU
Шундай қилиб, ҳафта бошида кундузлари қуёшнинг заррин нурлари таъсиридаги кучсиз иссиқликка, тунлари эса изғирин совуқлик ҳолатига яқин об-ҳаво муҳитига гувоҳи бўламиз. Жойларга туман тушади. Тонгда ноль даражага яқин, кундузи +15…+17 даражага яқин ҳарорат таъсирини сезамиз. Чоршанбадан шимолда, пайшанбадан республиканинг бошқа ҳудудларида ҳар куни ўрта ҳисобда ҳарорат +2 даражадан кўтарилиб бориш тамойилига эга.
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида Ўзбекистоннинг аҳоли зич истиқомат қилувчи ҳудудларида иш кунлари ўртача беш кунлик ҳаво ҳарорати қиймати шу давр учун хос бўлган кўп йиллик иқлимий меъёрдан бироз юқори бўлиши кўрсатилган. Лекин бу қоида шимолликларга тааллуқли эмас — улар худди октябрь охирларига хос об-ҳаво муҳитини ҳис этади.
Манба: Meteoinfo.ru
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, душанба куни республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Фақат кечга томон Тошкент вилояти тоғларида бироз ёғингарчилик (ёмғир-қор) ёғиб ўтиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати тоғларда +13 даража, Фарғона водийсида +15 даража, жанубий вилоятларда +20 даража, бошқа ҳудудларда +17 даражагача кўтарилади. Сутканинг минимал ҳарорати тоғларда -3 даражагача совуқ, шимолий ва жанубий ҳудудларда +2 даража, бошқа жойларда ноль даражагача пасаяди. Фарғона водийсида, тоғларда, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида туман тушиши мумкин.
«Ўзгидромет» синоптиклари сешанба-жума кунлари учун ишлаб чиққан прогнозида сешанба куни жойларда худди душанбадаги каби, бошқа кунлари эса ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб боришини маълум қилган. Бу кунлари республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди.
Чоршанба-жума кунлари ҳатто шимолда ҳам кундузи ҳарорат +20 даражагача кўтарилади. Бу каби қиймат Фарғона водийси ва тоғли ҳудудлардан ташқари бошқа жойларга ҳам хос бўлиб, жанубий вилоятларда ҳарорат максимуми +22 даражага етади. Тунда ҳарорат қийматлари ҳафта бошига нисбатан бироз кўтарилади.
Шанба ва якшанба кунлари республика бўйлаб тунда ҳам, кундузи ҳам ҳарорат аста-секин кўтарилади. Ёғингарчилик кутилмайди.
Умуман, дам олиш кунларидаги об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида «Ўзгидромет»нинг яқин кунларда янгиланадиган об-ҳаво прогнози ахборотидан аниқроқ маълумот олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (10 ноябрдан 16 ноябргача бўлган оралиқ) давомида Ўзбекистоннинг шимолида иссиқ, аҳоли зич истиқомат қилувчи Фарғона водийси ва бошқа ҳудудларда ўтмиш шу ҳафталарига хос меъёрий ҳарорат кутилади. Шимолда ҳафталик ҳарорат ўтмиш шу даврга хос ўртача қийматдан нақд +6 даражагача кўтарилиб кетиши қуйидаги хариталарда қизил рангда кўрсатилган.
Ёғингарчилик кесимида ҳафта жуда қуруқ, тоғларда эса янада қуруқ ўтиши ойдинлашган.
Манба: ECMWF
Манба: ECMWF
Шундай қилиб, ҳафтанинг иш кунлари тунда нолга яқин ҳарорат кузатилиши аҳоли зич истиқомат қилувчи ҳудудлар учун ҳавода намликнинг мавсумий ортишига, грипп споралари ва вируслар фаоллиги ошишига сабаб бўлади. Ўз-ўзидан, соғлиқни сақлаш тизимига юклама сезиларли ошиши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафта бошида Ўзбекистон аҳолиси марказида атмосфера босими 1025 гПа гача кўтарилувчи юқори босимли атмосфера жараён таъсирида бўлади. Аммо бу вазият ўтган ҳафта ўрталаридаги каби кишилар саломатлигига, қон босими ўзгаришига олиб келувчи ҳолатни тақдим этмайди.
Ҳафта давомида ҳавода нисбий намликнинг мавсумий ортиши ҳудудларда турли вирус, замбуруғ, бактериялар фаоллашишига олиб келади. Айнан мана шу омиллар сабаб кишилар ўз саломатлигига чуқурроқ эътибор беришлари лозим.
Ҳавода нисбий намликнинг 30−70 фоизгача бўлиши инсон саломатлиги учун оптимал қийматидир. Аммо иш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво намлиги сутка давомида 70 фоиздан юқори бўлиши кутиляпти. Бундай муҳит турли бактерия ва вируслар учун қулай, бунда аллергик симптомлар ва кимёвий реакциялар фаоллашади.
Уй шароитида эса ҳаво нисбий намлигини 30−70 фоиз атрофида таъминлаш жуда муҳим, шунда турли вирус ва бактериялар кўпайишининг олди олинади.

Биоиқлимий шароитлар
Иш кунлари кундузи ҳам қалин кийим кийиш талаб этиладиган об-ҳаво муҳити кузатилади. Кундузи ҳаво ҳароратининг +15 ёки +17 даража бўлиши «алдамчи» бўлиб, антициклон таъсирида ҳароратнинг ҳис қилинадиган даражаси пастроқ (совуқроқ) бўлади. Оддий қилиб айтганда, бу муҳит аҳоли орасида «совуқ заҳри» дея изоҳланадиган ҳолатга мосроқ. Кечга томон ҳарорат яна сезиларли пасайиб кетиши мумкин.
Дам олиш кунлари тонгги муддатларда изғирин совуқлар таъсири камайиб боради. Аҳоли танаси иссиқ ҳаво оқими кириб келаётганини тонгги ҳарорат қийматларидан ҳам сезади. Кундузи эса кишилар ҳатто енгил кийимлар кийиб олиши ҳам мумкин.
Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар олтин рангларга бурканиб, қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади.
Космик таъсирлар
Ўтган ҳафтанинг пайшанба-шанба кунлари космик таъсирларга мойил аҳоли қатлами сутканинг айрим муддатларида «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишлари таъсирларига тушди. Бу Қуёш экваторидаги доғларда Қуёш чақнаш зоналарининг ортиши билан боғлиқ.
Якшанба куни Қуёшда Х синф кучли чақнаш содир бўлди. Ҳафта ўрталаридаги ҳамда кучли Х синф чақнашдан ажралган плазма массалари тўғри сайёра томон оқиб келмоқда. Шунинг учун душанба куни қизил хавф қўзғалиш сақланиб турибди.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти прогнозларида ҳам душанба куни қизил хавф даражадаги магнит бўрони бўлиши мумкинлиги келтирилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистонда кучли шамол кутилмалари мавжуд эмас. Душанба-сешанба кунлари эса, антициклон сабаб, қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг жойларда (айниқса, йирик шаҳарларда) ҳавода инверсия ҳодисаси юз бериши, оқибатда ҳаво ифлосланиша рўй бериши кутилмоқда.
Бундай муҳитда, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 10 ноябрдан 16 ноябргача бўлган кунларда кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит пайшанба, жума ва дам олиш кунларига тўғри келяпти.

