2026 йилдан Ўзбекистондаги хусусий клиникалар янги солиқ ва молиявий имтиёзлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда айтиб ўтди.
Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса 57 мингга етди.
Президент ҳозирда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлаб, уларнинг хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, хусусий тиббиёт клиникаларида кўрсатилаётган хизмат нархлари республика марказларидан арзон. Шу сабабли мутасаддиларга республика марказларидаги хизмат нархларини адолатлилигини кўриб чиқиш, хусусий клиникада худди шу хизматлар арзон ва сифатли бўлса, тиббий суғурта маблағини уларга тўлаб бериш топширилди.
Янги қўллаб-қувватлаш чоралари
Шавкат Мирзиёев келгусида ҳам тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча шароитларни яратиш давом эттирилишини таъкидлади.
Хусусан, келгуси йилдан тиббий ускуна, жиҳоз ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтирилади.
Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича берилган имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланади.
Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади. Бу маблағлар келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоиз ставкада берилади.
