«Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов Gazeta`га берган интервьюсида Ўзбекистонда аномал юқори босимли янги газ кони топилгани, у бурғилашнинг дастлабки босқичларидаёқ юқори унумдорликни кўрсатганини маълум қилди.
Сентябрь ойи ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев Устюрт платосида рекорд даражадаги 6,5 км чуқурликда «жуда йирик газ кони» топилганини эълон қилганди.
Сидиқовнинг аниқлик киритишича, гап Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги «Мўйноқ» газ кони ҳақида кетмоқда. 26 июль куни 5000 м чуқурликка мўлжалланган биринчи қидирув қудуғини бурғилаш пайтида 4707 м чуқурликда газ чиқиши содир бўлган. Авария бир ой давомида бартараф этилган.
«Биз яхшигина кон топдик. Афсуски, биринчи қудуқда авария содир бўлди. Бир ой ичида уни бартараф қилишди. Худога шукур, бизда бахтсиз ҳодисалар бўлмади, ҳаммаси яхши. Биз раҳбаримиз айтган бу қатламни фақатгина биринчи, энг кўпи билан 5 метрга очишга улгурдик. Ва бу 5 м аномал юқори босимни кўрсатмоқда. Бунақасини институтда учратмагандик. Бошқа минтақалар ҳудудида ҳам учратмагандик», — деди у.
Сидиқовнинг сўзларига кўра, компания кон параметрларини аниқлаштириш ва газ захираларини баҳолаш учун яна тўртта қудуқни бурғилашга киришган.
«Мана, масалан, мана бу газ қатлами пирогга ўхшайди. Биз унга фақат 5 метрдан қараб туришимиз керак эмас. Унинг охиригача бориб, қаерда тугашини кўриш керак. Яъни қалинлигини аниқлаш. Бу қалинлик бўйлаб у кейинчалик ҳудудга тарқалади ва кўпаяди. Биз ҳали у ерда аниқ қанча газ борлигини айтишга тайёр эмасмиз», — дея тушунтирди компания раҳбари.
Сидиқовнинг таъкидлашича, икки ой ичида битта қудуққа қарийб 45 миллиард сўм харажат қилиниб, 100 миллион куб метр газ қазиб олинган. Шу билан бирга, ушбу даврда тушум қарийб 60 миллиард сўмни ташкил этди. «Яъни бу — аслида жуда ноёб кон. У ерда босим жуда юқори», — дея таъкидлади у.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг қўшимча қилишича, корхона конни хорижий ҳамкорларни жалб қилмасдан мустақил равишда ўзлаштирмоқчи.
«Бу 100 фоиз ўз конимиз. Биз уни ўзимиз ишлаб чиқмоқчимиз. Маҳоратимиз ҳам, маблағимиз ҳам етарли», — деди Баҳодир Сидиқов.
Энергетика институти ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил якуни бўйича Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1,97 триллион куб метрни ташкил этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда қазиб олиш пасайиб бормоқда — ўтган йил якунларига кўра 44,6 миллиард куб метр (тўққиз ой якунларига кўра 32,2 миллиард куб метр, -4,4 фоиз). 2019 йилга (59,4 млрд) нисбатан пасайиш 14,9 млрд куб метрни ташкил этади.
Шу фонда Ўзбекистон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш ҳамда Россия ва Туркманистондан газ импорт қилишни бошлади.