• Ср. Дек 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ҳамширалар академияси негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилади


Ўзбекистонда Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади. Бу ҳақда 10 ноябрь куни президент маълум қилди.

Президент кўп вақтини бемор олдида ўтказадиган ҳам, муолажаларни бажарадиган ҳам — ҳамширалар эканини таъкидлади.

У эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтди.

Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилиниши маълум қилинди.

Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия каби давлатлар олийгоҳлари билан бирга келаси йилдан олий маълумотли ҳамшира тайёрлашни бошлаши таъкидланди

«Тиббиётга юқори технологик ускуналар олиб киряпмиз, янги клиникаларни барпо этяпмиз. Уларда ким ишлайди? Албатта, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ўғил-қизларимиз меҳнат қилади. Шу боис, тиббий таълимдаги ислоҳотларимизни давом эттириб, оиланинг барча ёшдаги аъзоларига малакали тиббий хизмат кўрсата оладиган оилавий шифокорлик институтини ривожлантиришимиз зарур», — деди президент.

Келгуси ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида педиатрия ва даволаш йўналишларини ўз ичига олган умумий тиббиёт факультети очилиши эълон қилинди. Уларда оилавий шифокорлик мутахассислиги бўйича резидентура ва магистратура ҳам йўлга қўйилади.

Резидентурада таълим олаётган талабалар бепул ўқиш билан бирга оилавий шифокор сифатида ишлаб маош олади. Резидентура битирувчиси оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа дипломи ва 150 фоизли устама олади.

Бундан буён тиббий таълим сифатини баҳолаш бўйича уч босқичли тизимга ўтилиши белгиланди.

Тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билими баҳоланади. Резидентурани тугатган шифокорлар эса ихтисослиги бўйича имтиҳондан ўтказилади. Шундан кейин мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *