Ўзбекистон Марказий банки ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаган 18 банкка жарима қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Сентабр-октабр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказилган. Мониторингдан асосий мақсад — молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланишни текширишдан иборат бўлган.
Регулятор мониторинг натижасида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган. Жумладан, айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмагани, «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига риоя этилмагани аниқланган.
Шунингдек, айрим банкларнинг веб-сайтларида ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаганлиги маълум бўлган.
Хусусан,
- «Агробанк»;
- «Анор банк»;
- «Ҳаёт банк»;
- «Универсал банк»;
- «Гарант банк»;
- «Асакабанк»;
- «Туронбанк»;
- «Инфинбанк»;
- «Микрокредитбанк»;
- «Трастбанк»;
- «Мадад Инвест банк»;
- «Содерот банк»;
- «Ориент Финанс банк»;
- «Ипотека-банк»;
- «Тенге банк»;
- «Зираат банк Узбекистан»;
- «АВО банк»;
- «Опен банк» каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаганлиги кузатилган.
Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ 102 млн сўмдан жарима чораси қўлланилган ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилган.
Регулятор барча тижорат банкларидан:
- ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига сўзсиз риоя этишни;
- расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблигини таъминлашни;
- расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиш лозимгини қатъий талаб қилган.
