• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Январдан тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизим жорий қиламиз — Шавкат Мирзиёев


Ўзбекистонда 2026 йил январдан тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизим жорий қилинади. Бу ҳақда 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда президент маълум қилди.

«Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам, талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди. Бу бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам сифатни ошириш, замонавий ёндашувларни олиб кириш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, ноябрь-декабрь ойида қаттиқ тайёргарлик кўриб, январдан тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизимни жорий қиламиз», — деди давлат раҳбари.

Президент қайд этишича, эндиликда 26 та марказ директорлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтади.

Ушбу раҳбарлар телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқиб, зиммасига олган вазифаларни, қайси касалликлар кўп учраётгани ва уларни қандай камайтиришни аҳолига эълон қилиб боради. Шунингдек, одамларга мурожаат қилиб, соғлиғига эътибор қилиш, тиббий кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни тушунтиради.

Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага боради. Бир ой қолиб, касалликларнинг сабабларини ўрганиб, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналарининг врачларини касалликни даволашга ўргатади.

Бундан буён вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллада ўтказилади.

«Шунда халқ билан мулоқот пайдо бўлади, одамларимиз бундан рози бўлади, тиббиёт тизимига холис баҳони ўзи беради», — деди Мирзиёев. Шу ўринда вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари ва бош шифокорлар, поликлиника мудирларига мурожаат қилмоқчиман. Улар ўзига савол берсин: бемор шифохона ва поликлиникага келганда қанча вақт сарфлаяпти, олган хизматидан қанчалик кўнгли тўляпти», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Мазкур раҳбарлар ўзини беморнинг ўрнига қўйиб, эшикдан бошлаб, врач қабулига кириш учун хонама-хона юрса, рентген, лаборатория, УЗИ, ЭКГ учун бошқа-бошқа қаватга чиқиб-тушса, шунда одамларнинг ҳолатини тушуниб, бу саволга жавоб топади. Шу боис, ҳар бир вилоят, туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборли бўлиб, дардига шифо излаб келган ҳар бир одамнинг иши тез битиши учун барча шароитларни яратиши шарт!», — деди президент.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *