Андижон вилояти Хонобод шаҳри суди раиси суд ҳукми билан 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд хабар қилди.
Май ойида у 30 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга олингани айтилганди. 12 май куни унинг судьялик ваколати тўхтатилганди.
Қайд этилишича, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2025 йилнинг 17 октябрь куни эълон қилинган ҳукмига мувофиқ Ю.Э. (1974 йилда Андижон вилоятида туғилган, жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодекснинг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик қилишга суиқасд) ва 25,211-моддаси 3-қисми «а» бандида (Жуда кўп миқдорда пора беришга суиқасд) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд унга 2,5 йил давомида мансаб лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
