Бухородаги талабалар ётоқхонасида 18 ёшли қиз ўзини осиб, жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.

Воқеа 4 ноябрь куни Когон туманидаги Бухоро Давлат университетининг талабалар ётоқхонасида юз берган. Қиз университетнинг биринчи босқичида таҳсил олган. У жонига қасд қилиши оқибатида вафот этган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов аниқлик киритишича, қиз сиртмоқ ясаб, уни ётоқхонадаги каравотнинг темир устунига ўрнатган, сўнг бўйин соҳасидан ўзини осиб, вафот этган.

Талаба қиз нима сабабдан бу ишни қилганига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмда 15 ва 14 ёшли ўсмир қизлар етти қаватли уйнинг томидан ўзини ташлаб, вафот этгани хабар берилган эди.

Тошкентнинг Яккасарой туманида эса кўп қаватли уй томидан ўзини ташламоқчи бўлган ўсмир қиз қутқариб қолинганди. Воқеа жойига етиб борган маҳалла профилактика инспектори бошқа хонадонлардан бирининг балкони орқали қизга яқинлашиб, ФВВ ходимлари кўмагида уни томдаги хавфсиз жойга чиқариб олган.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўз жонига қасд қилиш, унинг усуллари ҳақида маълумотларни ошкор қилганлик ҳамда уни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш вақти келганини айтди. У, шунингдек, болаларга нисбатан жиноятларга фавқулодда ҳолат сифатида қараш кераклигини таъкидлади.