Душанба оқшомидан бошлаб Тошкентда ҳаво ифлосланиши ортиши кузатилмоқда. Ўзгидромет ўз хабарида пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди: очиқ ҳавода юришни камайтириш ва кўчада ниқоб тақиш шулар жумласидан.
Сўнгги сутка давомида — душанба куни соат 9:00 дан сешанба соат 9:00 гача ҳаво мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, ҳаво таркибидаги майда PM2,5 зарралари (диаметри 2,5 микрометргача) 143 мкг/м3 ни ташкил этди. Бу миллий стандарт бўйича рухсат этилган суткалик концентрациядан (60 мкг/м3) 2,4 марта юқори.
Кун давомида майда PM10 заррачаларининг ўртача миқдори (диаметри 10 микрометргача) 189 мкг/м3 ни ташкил этди, бу РЭМ (рухсат этилган меъёр — 300 мкг/м3)дан ошмади.
Ўтган кун давомида Тошкент шаҳри туманларидаги ўртача PM2,5 кўрсаткичи. Манба: Ўзгидромет.
Маълум қилинишича, ҳаво Андижонда ҳам кучли ифлосланган — соат 10:00 да РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 314 мкг/м3 ни ташкил этди, бу йиллик меъёрдан (35 мкг/м3) 8,9 баравар юқори. Шунингдек, аҳоли кўчада ниқоб тақишга чақирилган.
Изоҳ: 10 ноябрь оқшомидан бошлаб Ўзгидромет Тошкент шаҳри бўйича РМ2,5 ва РМ10 кўрсаткичларининг ўртача суткалик қийматини эълон қилишни бошлади (бунгача ўртача йиллик қийматлар эълон қилинаётганди). Агар миллий стандарт бўйича РМ2,5 нинг ўртача йиллик рухсат этилган қиймати 35 мкг/м3 бўлса, ўртача суткалик қиймати 60 мкг/м3, РМ10 учун эса бу мос равишда 500 ва 300 мкг/м3 ни ташкил этади.
Ўзбекистон учун РМ2,5 нинг рухсат этилган чегаравий даражалари 2024 йил май ойида Санитария қоидалари ва нормалари (0053−23-сонли СанҚваН) билан тасдиқланган. Турли мамлакатларда улар турлича. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларга ҳаводаги PM2,5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача кунлик миқдори 15 мкг/м3, PM10 мос равишда 15 ва 45 мкг/м3 дан ошмаслигини тавсия қилади.
