Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Ҳусан Ёрқулов томонидан тақдим этилди. Лойиҳа 16 сентябрь куни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.
Унинг айтишича, қўмита томонидан ишчи гуруҳ билан биргаликда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида берилган таклифларни инобатга олган ҳолда 40 дан ортиқ аниқлаштирувчи ўзгартириш ва тузатишлар киритилган.
Ёрқулов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан киритилган асосий ўзгартиришларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, лойиҳадаги Марказий банк тўғрисидаги қонундан тўлов тизими операторлари устав фонди миқдорини белгилаш нормаси чиқариб ташланди. Чунки бу қонунчилик палатаси томонидан аввалроқ қабул қилинган қонунда кўзда тутилган.
Иккинчидан, ислом молияси фаолияти билан боғлиқ низоларни ҳал этишда медиация механизмига оид нормалар «Медиация тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштирилди.
Бундан ташқари, лойиҳадаги Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонундан банкнинг исломий молия операторлари турлари, операциялар турларида «музораба», «вакола», «муроҳаба», «салам», «мушарака» атамалари чиқариб ташланди. Ушбу атамаларнинг моҳияти Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида батафсил очиб берилади.
Шунингдек, лойиҳадаги шу қонун бўйича яна бошқа ўзгаришлар бўлган. Хусусан, банк кенгаши тузилиши борасида «мустақил орган» ибораси «коллегиал орган»га ўзгартирилди, қонунчиликда «фатво» сўзи қўлланилмаганини ҳисобга олиб, лойиҳадан бу сўз чиқарилди.
Ниҳоят, лойиҳадаги Истеъмол кредити тўғрисидаги қонундан исломий кредит ташкилотларига оид нормалар чиқарилди.
Қўмита аъзосининг сўзларига кўра, қонун лойиҳасини қабул қилиниши натижасида Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос келувчи исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асос яратилади. «Бу ўз навбатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исломий молия хизматларини кўрсатувчи исломий банклар, исломий дарчалар ва исломий микромолия банклар ташкил этилишига ва натижада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайишига ҳамда бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларида жорий этилишига хизмат қилади», — деди у ва депутатлардан лойиҳани маъқуллашни сўради.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг 11 ва 12-моддалари бўйича баҳс олиб борди. 11 моддада қонун қабул қилингач, ҳукумат ва вазирликлар 3 ой ичида мавжуд меъёрий ҳужжатларини янги Исломий банк фаолиятига оид қонун талабларига мослаштириши кўзда тутилган бўлса, 12-моддада қонуннинг кучга кириш вақти белгиланиб, қонун эълон қилинганидан кейин уч ой ўтгач кучга кириши айтилган.
Депутат Зафар Худойбердиев уч ой муддатни олиб ташлашни таклиф қилди — у қонун кучга кирмасдан ҳукумат ҳужжатларини бекор қилиш нотўғри, деган фикрни илгари сурди. Бошқа депутатлар, жумладан Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров эса уч ой муддат масъул идораларга қонун талабларига тўлиқ мослаштириш учун зарур эканини таъкидлади. Юридик жиҳатдан икки модда бир-бирига зид эмаслиги қайд этилди.
Кўпчилик фикрга кўра, 11-моддадаги уч ойлик муддатни қолдириш керак, чунки бу қонун амал қилишини таъминлайди. 12-моддадаги уч ойлик кучга кириш муддати ҳам сақланди. Шу тариқа, иккала модда ҳам иккинчи ўқишдаги таҳрирда қолдирилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан 126 та овоз билан (бир киши овоз бермаган) қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Аввалроқ Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Ўзбекистонда 2030 йилгача камида 10 та исломий банк пайдо бўлиши кутилаётганини маълум қилганди. Шунингдек, анъанавий банкларда «исломий дарчалар» йўлга қўйилади. Уларни 3 та давлат банкида очиш кўзда тутилган, улар қайсилар эканига аниқлик киритилмади.
