• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Уран бозорининг фаол ўсиши шароитида «Навоийуран» фойдасини қарийб 30% оширди


«Навоийран» давлат корхонаси 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 3,7 трлн сўм (МБ амалдаги курсида тахминан $308 млн) соф фойда кўрди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6% кўп. Бу ҳақда KAP Depo инвестиция компанияси маълум қилди.

Учинчи чоракда корхона фойдаси 149,2% ошиб, 1,9 трлн сўмга етди.

Йилнинг тўққиз ойида «Навоийуран»да 10,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,7% кўп. Давлат бюджетига 3,8 трлн сўм солиқ ва дивидендлар тушди.

Корхона маълумотларига кўра, таннархни оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини 381,6 млрд сўмга арзонлаштириш имконини берган.

Активлар 73,5% — 16,4 трлн сўмгача ошган. Тақсимланмаган фойда 9 трлн сўмни (+35,4%) ташкил этди.

2024 йилда компания даромади 11,7 трлн сўмни, соф фойдаси эса 5,99 трлн сўмни ташкил этганди (ўсиш икки баравардан ортиқ) .

Июнь ойида «Навоийуран» Лондон фонд биржасида 5 йил муддатга ва 6,7% купон ставкасига эга 300 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштирганди. 2026 йилнинг иккинчи ярмида IPO режалаштирилмоқда: компания акцияларининг 10−15 фоизи халқаро ва маҳаллий фонд бозорларига чиқарилади.

Фойданинг ўсиши уран нархининг рекорд даражада ошиши билан бир вақтга тўғри келди — сентябрь охирида COMEX биржасида бир фунт учун 83,45 долларга етди (бугун у $77 атрофида сотилмоқда). Бунга инвестиция фонди фаолияти ва ядро ёқилғисига бўлган талабнинг ортиши бўйича кутилмалар сабаб бўлди. Бундан ташқари, АҚШнинг уран захираларини кўпайтириш ва атом энергиясини ривожлантириш бўйича стратегик режалари бозорда ижобий кайфиятни кучайтирди.

World Nuclear Association маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб атом энергияси учун уранга бўлган глобал талаб 28% ошиб, нархларнинг янада ошиши учун шароит яратиши мумкин.

Компания, шунингдек, халқаро кредит рейтингини янгилаш жараёнида: 2025 йил июль ойида Fitch Ratings рейтингида «BB/барқарор» даражасига кўтарилди, ноябрда эса S&P Global Ratings қайта баҳолаши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *