• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Адабиётшунос олим ва турколог Насимхон Раҳмонов 73 ёшда вафот этди


Адабиётшунос олим, турколог, филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов (ёки Раҳмон) 73 ёшида вафот этди.

Насимхон Раҳмонов 1952 йил 16 октябрда Фарғона вилояти Бувайда тумани Жов қишлоғида туғилган. 1969 йилда Найман қишлоғидаги 20-ўрта мактабни битириб, ўша ерда ёшлар етакчиси бўлиб фаолият бошлаган.

1974 йили Фарғона давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Фаолияти

1974−1977 йилларда мактабда ўқитувчи, 1976−1979 йилларда «Ўқитувчи» нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаган.

1979−1998 йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтида муҳаррир, музей бўлими мудири, илмий ходим, директор ўринбосари ва кейинчалик директор сифатида хизмат қилган.

1998−2000 йилларда Тил ва адабиёт ҳамда Шарқшунослик институтларида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган.

2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университетида ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси профессори, 2010 йилдан эса Журналистика факультети декани вазифасини бажарган.

Олим 1984 йили «Күлтегин ёдномаси (VIII аср) поэтикаси» мавзусида номзодлик, 1991 йили «Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликлари ва туркий эпослар муносабати» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

1993 йилда профессор илмий унвонини олган.

Насимхон Раҳмонов икки жилдли «Олтин ёруғ» асарини ўзбек тилига таржима қилиб, илмий жамоатчиликка тақдим этган.

У «Ўлмас обидалар», «Қадимий ҳикмат», «Руҳиятдаги нур муроди», «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи», «Ўзбек адабиётини даврлаштириш масалалари» ва бошқа асарлар муаллифидир.

Насимхон Раҳмонов Туркиянинг Янги Туркия стратегик тадқиқотлар институти мукофоти (2017); Остонадаги Халқаро Туркий академиянинг кумуш медали (2018); Қозоғистон халқлари Ассамблеясининг олтин медали (2020) билан тақдирланган.

Турколог сифатида

«Етук адабиётшунос, моҳир туркологнинг илмий фаолияти бевосита қадимги туркий халқларнинг ижтимоий-сиёсий ва этник тарихи билан боғланганини алоҳида таъкидлаш жоиз», — деб ёзади Turkona.uz.

Таъкидланишича, Насимхон Асқаровичнинг «Тошга битилган китоблар» (1983), «Инсон руҳининг садоси» (1986), «Битиклар оламида» (1990), «Турк хоқонлиги» (1993), «Ўзбекистоннинг кўҳна турк-рун ёзувлари», «Маданиятшунослик» каби дарслик, қўлланма, мажмуа, монография ҳамда тўпламлари ўзбек адабиётшунослиги ҳамда туркология ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.

Тилшунос ва журналист Эльдар Асанов Насимхон Раҳмоновнинг вафоти ҳақида ёзаркан: «Устоз Ўзбекистоннинг оз сонли кўзга кўринган туркологларидан эди», — деб таъкидлади.

«Унинг бу соҳадаги асосий тадқиқот ишларидан турк-рун хатидаги матнларнинг ўзбек тилига таржимаси, уйғур хатидаги «Олтин ёруғ»нинг таржимаси, Турк хоқонлиги тарихи бўйича тадқиқотларни айтиш мумкин. Исломгача бўлган давр адабиётини ўқиган бўлсангиз, Насимхон Раҳмонов таржимасидаги матнларга, албатта, дуч келгансиз», — дейди Асанов.

Gazeta 2022 йилда «Ўзбек тили ойлиги» доирасида Умарали Норматов ва Насимхон Раҳмон томонидан 2007 йилда ёзилган мақолани эълон қилганди. Унда она тилимиз тарихининг ечимини кутаётган назарий ва амалий муаммолари талайгина экани, уларни илмий асосда ҳал этиш ўзбек адабий тили ривожида янги босқични бошлаб бериши ҳақида сўз борган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *